- Тошкентда тирбандлик, канализация, тоза ҳаво муаммоси бўлишига қарамай 40 қаватли уйларни кўпайтиришга рухсат берилди
- Шерзод Кудбиев қайси илмий хулосаларга асосланиб бош режага бундай ўзгартириш киритилгани тўлиқ асослай олмади
- Бош режага ўзгартириш киритиш учун нега жамоатчилик муҳокамаси бўлмади?
- Нима учун жамоатчиликдан аввал моддий манфаатдор бўлган тадбиркорлар бош режага ўзгартириш киритилишидан хабардор бўлган?
Тошкентнинг 2048 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланганидан атиги 14 ой ўтиб унга жиддий ўзгаришлар киритилди. Қатор туманларда биноларнинг баландлик чеклови кескин оширилди. Ҳукумат буни “балансланган қурилиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш” билан изоҳламоқда.
Матбуот анжуманида журналист Анoра Содиқова вертикал қурилиш сиёсатига шубҳа билдирди.
Унинг таъкидлашича, кўплаб постсовет шаҳарларда баланд бинолар канализация муаммоси, ҳаво ифлосланиши, транспорт тирбандлиги каби муаммоларни кучайтирган.
“Тошкентда ҳам ҳозирданоқ канализация, электр ва тирбандлик муаммолари бор. Инфратузилма ҳали тайёр эмас. Шундай шароитда 30–40 қаватга рухсат бериш қандай асосларга таянади?” — деди журналист.
Шунингдек, у қарор қабул қилиш жараёнида жамоатчилик муҳокамаси бўлган-бўлмагани ҳақида ҳам савол қўйди.
“Қайси эксперт хулосаси асосида 40 қаватга рухсат берилди? Жамоатчилик муҳокамаси қаерда ўтди ва нега бу маълумотлар эълон қилинмади?” — деди Содиқова.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бу танқидларга қўшилмаслигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бош режадаги ўзгаришлар бирор тадбиркор ёки девелопер манфаати билан боғлиқ эмас.
“Бу ерда қарийб 2000 гектардан ортиқ ҳудуд ҳақида гап кетяпти. Минглаб гектарни бирор тадбиркор манфаати билан боғлаш мантиқан тўғри эмас,” — деди у.
“Биз ‘вертикал қурилиш’ демадик. Шаҳар гап фақат тепага қараб бинолар билан тўлиб кетиши ҳақида эмас. Баланс сақланади. Қайсидир жойда 30 қаватли, бошқа жойда 5 ёки 12 қаватли бинолар бўлади,” — деди у.
Қўмита раисига кўра, баланд бинолар қуришдан асосий мақсад — шаҳарда яшил ҳудудларни кўпайтириш.
Унинг айтишича янги қурилиш ҳудудларининг камида 30 фоизи яшил зона бўлади. Қўшимча равишда 140 гектар янги жамоат парки барпо этилади
“Бугун Тошкентда жамоат парклари 893 гектар. Бу аҳоли жон бошига тахминан 2 квадрат метр дегани. Норматив эса 17–19 квадрат метр бўлиши керак. Яъни қарийб 10 баробар кам,” — деди Кудбиев.
Кудбиевнинг таъкидлашича, Тошкент чексиз горизонтал равишда кенгайиб кетса, транспорт ва шаҳар логистикаси муаммолари янада оғирлашади.
“Шаҳар Янгийўлга, Оҳангаронга ёки Бўстонлиққа қараб чексиз кенгаймаслиги керак. Агар биз шаҳар ичида юқорига қараб ўсмасак, 15 дақиқалик шаҳар концепциясига ҳеч қачон эришмаймиз,” — деди у.
Шунингдек Кудбиев бош режа ўзгартирилишига асос бўлган илмий хулосаларни келтирмади. Бу бўйича, бирон жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтганини айта олмади. Бу эса Тошкент бош режаси жамоатчилик эмас, йирик тадбиркорлар манфаатига хизмат қилмаганига асосли далиллар етмаганини кўрсатмоқда.




