«Статқўм» ҳисоб китобига кўра энди минимал харажатлар 621 минг эмас, 648 минг сўмни ташкил этмоқда. Яъни статистик ҳисобга кўра минимал харажатлар 27 минг сўмга ошган бўлиб, бу энергетика харажатлари кўтарилгани билан изоҳланган.
«2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этди»,дейилади хабарда. 2024 йил январда эълон қилинган қиймат 621 минг сўмни ташкил этган.
Статистика агентлигининг эслатишича, «Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
-давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
-камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
-пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади».
Маълумот ўрнида, минимал истеъмол харажатлари уй хўжаликларининг реал истеъмол қийматлари ва таркибини ўрганиш асосида уларнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатларнинг ҳисобланган қиймати ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик мезони ёки чегараси сифатида фойдаланилади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.
Аввалроқ, ўзбекистонликлар даромадининг неча фоизини озиқ-овқатга ишлатишини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказган эдик.
Унда сўралганлар ўртача 2-3 миллион сўм атрофида озиқ-овқатга сарфлашларини маълум қилишган.