250 млн доллар таълим кредитлари имкониятини ошириш учун йўналтирилади
Жаҳон банки ижроия директорлари кенгаши Ўзбекистон учун 250 миллион долларлик кредит ажратиш қарорини маъқуллади. Ушбу маблағ мамлакатда олий, техникум ва касб-ҳунар таълимида талабаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “EduImkon” дастурини амалга оширишга йўналтирилади.
Дастур уч йил давомида талабаларни қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамлашга ва 600 мингга яқин ёшлар учун таълим кредитларидан тенг фойдаланиш имконини яратишга хизмат қилади.
Маблағнинг деярли 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга сарфланади, деб ёзилган молия муассасаси хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда таълим кредитлари тижорат банклари орқали берилади, аммо уларнинг тартиби ҳамиша меҳнат бозори эҳтиёжларига мос тушмайди.
Айниқса STEM (табиий фанлари, технологиялар, муҳандислик, математика) ва АКТ соҳалари бўйича таълим олишни рағбатлантириш етарли эмас. Хотин-қизлар умумий талаба аҳолисининг 55 фоизини ташкил этганига қарамасдан, уларнинг атиги 33 фоизи STEM йўналишларини танлайди.
“EduImkon” дастури нима беради?
2026–2028 йилларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга ошириладиган дастур қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
Таълим кредитлари тизимини модернизация қилиш
– бошқарув ва иш жараёнларини янгилаш;
– вазирлик ва идоралар ўртасида мувофиқлаштиришни яхшилаш.
Ягона онлайн-платформани ишга тушириш
– аризаларни кўриб чиқишни тезлаштириш;
– кредитларни тақсимлашда шаффофликни ошириш;
– таҳлилий маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни енгиллаштириш.
Кам таъминланган оилалар ва хотин-қизлар учун махсус енгилликлар
– кредит олиш шартларини соддалаштириш;
– уларнинг таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.
Таълимни меҳнат бозорига мослаштириш
– STEM ва юқори даромадли соҳалар учун кредитларни рағбатлантириш;
– тизимнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш.
Даромадга боғланган кредит тўловларини жорий этиш
– битирувдан кейин вақтинча ишсиз қолган ёшлар учун енгиллик яратиш.
Дастурга биноан 2028 йил охиригача 600 мингга яқин талаба ва техникум-коллеж ўқувчилари янгиланган кредит тизимидан фойдаланиши кутилмоқда. Кредитлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган 12 та тижорат банки орқали ажратилади.
190 миллион доллардан ортиқ маблағ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Дастур, шунингдек, 30 миллион доллар хусусий капитални ҳам жалб қилиши режалаштирилган. Бу давлат бюджетининг юкини енгиллаштиришга ёрдам беради.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг давлат қарзи (корпоратив сектор қарзини ҳисобга олмаганда) 1 октябрь ҳолатига кўра қарийб 44 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 32,3 фоиз) ташкил этиб, йил бошидан буён қарийб 3,8 млрд долларга ошган. Жаҳон банки энг йирик кредиторлардан бири бўлиб, ташкилотдан ўзбекистоннинг қарзи миқдори 8 млрд доллардан ортди.




