“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Матбуот котиби Улуғбек Урунов ижтимоий тармоқлар орқали 200 кВт/соат ижтимоий норма ҳақида билдирилган эътирозларни “просмотр” учун кўтарилаётган шов-шув эканини айтди.
“Ҳозир белгиланган 200 кВт/ электр қуввати нормасини ҳештег қилиб, қандайдир аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини сизлар тўғри тушунинглар, улар ўзларига эргашувчи одамлар орқали «промотр»ини кўпайтириш учун шундай қиляпти. Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, 3 хонали уйда тураман. Уйимда 3 та кондиционер, 3 та телевизор ва бошқа электрон техникалар бор. 1 ойда 297 кВт/соат электр қуввати ишлатдим. 200 киловатини ўша норма ҳисобида 97 кВт/соат учун эса 900 сўм тўлаш бўйича смс келди ва ўша орқали тўладим. Мўътадил об-ҳаво бўладиган март-апрель ойларида ишлатган қувватим 200 кВт/соатга ҳам етмади”
дейди у.
Шунингдек, Урунов медиа вакилларига бу масалага журналист бўлиб эмас, иқтисодчи назари билан қарашни тавсия қилди.
«200 кВт/соат бу ижтимоий норма. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, электр энергияси 5 йил давомида 1 кВти 295 сўмдан сотилганда аслида унинг таннархи 975 сўм эди. Демак, биз ҳозиргидан 3 баравар кам тўлаб 2 қисми учун давлат бюджетидан субсидия оляпмиз. Бу эса давлат бюджетига жуда кўп юклов бўлгани сабабли қувват ресурслари нархларини бозор ресурсларига етказиш бўйича битта қадам бўлди. Жорий йилнинг 16 апрелдаги 204-сонли қарорда ҳам ижтимоий инструмент сақланиб қолинди. Ҳозирги вазиятда давлат 1 000 сўмдан зиёд бўлган электр қувватига 200 кВт/соат учун арзон нарх қилиб ёрдам беряпти. Нормада 200 кВтдан ортган соатига 900 сўм белгилади. Олдинги таннархдан бироз пастроқ бўлган ҳолатда пул тўлайди. 200 кВт/соат электр қуввати менга етмаяпти ёки мен шу 200 кВт/соат электр қувватини ишлатишим керак деган тушунчанинг ўзи нотўғри. Ҳамма оилада ҳар ҳил электр техника жиҳозлари мавжуд. Агар битта ҳовлида 4 та оила алоҳида кадастр билан яшайдиган бўлса, улар алоҳида 200 кВт/соат ишлатади. Ҳозирда республикада оиланинг ҳар битта аъзоси учун тўй қилган ойга қараб кўпайтириб, ёки камайтириб ҳисобини юритишнинг имконияти йўқ. Менинг айтган гапларимга журналист бўлиб эмас, ҳисобчи бўлиб ўйлаб кўрсангиз ечим топилади”,
деди у.
Маълумот учун, Uzdiplomat.uz ўзининг Telegram саҳифасида «200 кВт/соатлик электр энергияси сизга етяптими?» деган савол билан сўровнома ўтказди. Унда иштирок этган жами 1652 нафар иштирокчининг 79 фоизи, яъни 1263 нафари мазкур ижтимоий норма умуман етмаётганини айтган. Респондентларнинг 14 фоизигина 200 кВт/ соат бир ойга етаётганини маълум қилган бўлса, 10 фоизи амаллаб етказиш мумкин деган фикрда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтказилган жонли сўровномада ҳам аксарият қатнашчилар 200 кВт/соат ижтимоий норма оилаларига етмаётгани, оқибатда харажатлари бир неча бараварга ортганини маълум қилганди.