100 мингдан 10 миллионгача: Ўзбекистонликлар ҳайит учун қанча маблағ сарфлади?
Бугун Ўзбекистонда ҳам бутун мусулмон оламида бўлгани каби Рамазон ҳайити нишонланмоқда. Байрамга тайёргарлик эса бир ҳафта олдин бошлаб юборилган. Бозорларда одамлар гавжум, харидорлар расталар бўйлаб катта-катта харидларни қилишмоқда. Хўш, ўзбекистонликлар байрамда оиласи учун, неча пуллик харажат қилади? Улар байрамга нималарни харид қилади? Шу каби саволлар билан Uzdiplomat.uz мухбири пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига юзланди.
Жавоблар турлича, кимдир ҳайит байрами учун 1 миллиондан 1,5 миллион сўмгача харажат қилса, яна кимдир 10 миллионлик харид қилса ҳам ҳали харажатлар якунланмаганини айтади.
“Оилада 2 киши яшаймиз. Лекин байрам харажати учун 1000 доллар ҳам кам”, – дейди респондентлардан бири.
Шунингдек, сўровноманинг яна бир қатнашчиси, оилада 14 нафар бўлиб яшашларини ва байрамга 1 миллионга яқин харажат қилганини гапирди.
“Пул қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бизнинг оилада 14 нафар киши яшайди. Бор пулимни ҳаммасини байрамга нарса олишга сарфладим. Деярли, байрам учун 1 миллионга яқин пулим кетди”, – дейди аёл.
Яна бошқа бир иштирокчи, оиласида 8 киши истиқомат қилишини, шулардан 1 тасига байрам учун 4 миллион пул сарфлаганини айтди.
“Нафақамни ҳаммасини бир кунда сарфладим, етмади”, – дейди яна бир суҳбатдошимиз.
Хўш, сиз-чи? Байрамга оилангиз учун неча пуллик харажат қилдингиз?