Автомобиль олиш учун минглаб доллар тўлаган фуқаролар уч ойдан ортиқ вақтдан бери на машинасини, на пулини ололмаётганини айтмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, компания раҳбари қамоққа олинган. Бироқ мурожаатчилар компанияни амалда ким бошқаргани ва унинг собиқ прокуратура ходимлари билан эҳтимолий алоқалари ҳам ўрганилишини талаб қилмоқда.
Uzdiplomat таҳририятига ўндан ортиқ фуқаро биргаликда мурожаат қилди. Улар автомобиль олиш учун лизинг компаниясига бошланғич тўлов қилган, аммо ваъда қилинган машиналарни ололмаганини билдирди. Мурожаатчиларнинг маълумотига кўра, шундай вазиятда қолган мижозлар сони 30 нафарга яқин.
Кимдир 2 минг, кимдир 5 минг, яна кимдир 10–15 минг доллар миқдорида пул тўлаган. Шартномаларга кўра, автомобиль уч кун ичида етказиб берилиши, қолган тўловлар эса кейинчалик бўлиб-бўлиб амалга оширилиши керак бўлган.
Бироқ уч кун ўрнига уч ойдан ҳам кўпроқ вақт ўтган. Фуқароларнинг айтишича, уларга автомобиль берилмаган, пуллари ҳам қайтарилмаган. Таҳририятга тўловларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган.
Фуқаролар компания жойлашган Юнусобод туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Дастлаб ҳолатда жиноят аломатлари йўқ деб топилиб, жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Мурожаатчиларга низони фуқаролик судида ҳал қилиш мумкинлиги айтилган.
Кейинчалик ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, компания раҳбари Саидкомол Саидвалиевга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозир тергов давом этмоқда.
Бироқ мурожаатчилар учун саволлар шу билан тугамаган. Улар компаниянинг собиқ прокуратура ходимлари билан эҳтимолий алоқалари терговда етарлича ўрганилмаётганидан норози.
Фуқароларнинг айтишича, Саидвалиевнинг қайнотаси — собиқ прокурор. Улар ишни кўриб чиқиш жараёнига унинг собиқ шогирдлари аралашаётган бўлиши мумкинлигидан гумон қилмоқда. Бу — мурожаатчиларнинг гумони, терговга таъсир ўтказилганини тасдиқловчи факт эмас. Мурожаатчилар эса бу масалада расмий ва аниқ жавоб олишни истамоқда.
Компания фаолияти билан боғлиқ яна бир ҳолат — Ўзбекистон Бош прокурорининг собиқ ўринбосари унинг таъсисчилари қаторида уч ҳафта бўлганидир. Таҳририят унинг исмини ўз илтимосига кўра очиқламаяпти.
Собиқ амалдорнинг Uzdiplomat’га билдиришича, Саидвалиев уни ҳамкорликка таклиф қилган. У корхона фаолиятини ўрганиш ва ҳужжатлари билан танишиш учун таъсисчилар таркибига кирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, компания фаолиятида фирибгарлик аломатларини кўргач, уч ҳафтадан кейин таъсисчиликдан чиққан.
Бироқ таҳририятга тақдим этилган маълумотлар бу изоҳ юзасидан ҳам қўшимча саволлар туғдиради.
Жумладан, Саидвалиевга тегишли аввалги компания фаолияти бўйича ҳам фуқаролар мурожаат қилгани ва тергов ўтказилгани, кейинчалик корхона банкрот бўлиб ёпилгани ҳақида маълумот берилган.
Мурожаатчиларнинг айтишича, ўша жараёнда ҳам Бош прокурорнинг собиқ ўринбосарига алоқадор деб кўрсатилаётган адвокатлик фирмаси ходимлари Саидвалиевга ҳуқуқий хизмат кўрсатган. Ҳозирги ишда ҳам уни шу адвокатлик тузилмаси вакиллари ҳимоя қилаётгани айтилмоқда.
Адвокатларнинг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши ўз-ўзидан терговга аралашувни ёки собиқ амалдорнинг компания фаолиятидан хабардорлигини англатмайди. Аммо мазкур маълумотлар унинг Саидвалиев билан ҳамкорлиги қачон ва қандай бошланганини аниқлаш заруратини туғдиради.
Собиқ амалдор Саидвалиевнинг аввалги компанияси ва унга нисбатан мурожаатлардан хабардор бўлганми? Агар хабардор бўлган бўлса, янги компания таъсисчилари қаторига киришга нима асос бўлган? Компания фаолиятида фирибгарлик аломатларини кўрган бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берганми?
Таҳририят бу саволларни собиқ амалдорга берди. У ўзини ҳам бошқалар қатори жабр кўрган томон сифатида таърифлаб, номидан фойдаланилганини билдирди.
Шу билан бирга, унинг уч ҳафталик таъсисчилик даврида қайси ҳужжатлар билан танишгани, қандай қарорларда иштирок этгани ва компаниядаги ваколатлари нималардан иборат бўлгани очиқ қолмоқда.
Мурожаатчилар Саидвалиевни компаниянинг «қоғоздаги хўжайини», яъни номинал раҳбари деб ҳисобламоқда. Уларнинг гумонича, корхонани амалда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари бошқарган.
Бу даъво тергов ёки суд томонидан тасдиқланган факт эмас. Собиқ амалдор эса компанияни бошқарганини рад этиб, таъсисчилар қаторига фақат унинг фаолиятини ўрганиш мақсадида кирганини айтмоқда.
Ушбу қарама-қарши баёнотларга ҳужжатлар, пул ўтказмалари ва компанияда қабул қилинган қарорларни ўрганиш орқали аниқлик киритиш мумкин. Фуқаролардан тушган пулларни ким бошқарган? Автомобилларни етказиб бериш бўйича қарорларни ким қабул қилган? Шартномалар кимнинг кўрсатмаси билан тузилган ва мижозларга берилган ваъдалардан кимлар хабардор бўлган?
Мурожаатчилар айнан шу саволларга ҳам жавоб изламоқда. Улар учун бир кишининг қамоққа олиниши компания фаолиятига алоқадор барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилганини англатмайди. Фуқаролар пулларининг қаерга кетгани, компанияни амалда ким бошқаргани ва собиқ прокуратура ходимлари билан эҳтимолий алоқалар текширилишини талаб қилмоқда.
Uzdiplomat ҳеч кимни судсиз айбдор деб эълон қилмайди. Собиқ прокурор бўлиш, қариндошлик, танишлик ёки аввалги ҳамкорлик ўз-ўзидан жиноятни англатмайди. Бироқ терговнинг холислиги ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзасидан кўтарилган саволлар ҳам жавобсиз қолмаслиги керак.
Фуқаролар ишнинг тўлиқ ва холис ўрганилишини ҳамда тўлаган пуллари қайтарилишини кутмоқда.




