Мирзиёевнинг Корея сафарида қандай келишувларга эришилди?
Uzdiplomat корейс матбуотини кўриб чиқиб Ўзбекистон расмий манбаларида эълон қилинмаган айрим нуқталарни ўрганди.
Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давомида 13 та ҳужжат имзоланди. Лекин ташрифнинг аҳамияти бу рақамда эмас. Ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқилса, Корея билан муносабатларда анча катта ўзгариш кўринади.
Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистон Кореядан фақат машина, поезд ёки технология сотиб оладиган бозор бўлиб қолмасдан, корейс компаниялари билан бирга маҳсулот ишлаб чиқарадиган майдонга айланишни истаяпти.
Корея томонининг манфаати ҳам аниқ. Ўзбекистондаги муҳим минераллар, катта ички бозор ва Марказий Осиёга чиқиш имконияти уларни кўпроқ қизиқтирган.

12 миллиард долларлик лойиҳалар нималарни қамраб олади?
Президент матбуот хизматининг расмий маълумотига кўра, ташриф арафасида Корея билан амалга ошириш учун қарийб 12 млрд долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Мирзиёевнинг Корея Экспорт-импорт банки раҳбари Хванг Ки Ён билан ҳам алоҳида учрашувида 8 млрд долларлик янги шериклик дастурини имзолаш қўллаб-қувватланди.
Пул қаерга йўналтирилиши ҳам тахминан белгиланган: муҳим минераллар, транспорт, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, рақамли технологиялар ва бошқа йирик лойиҳалар.
Энг қизиғи, Корея Эксимбанки ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги энди лойиҳаларни биргаликда танлайди.
Корея матбуоти бу механизмга алоҳида эътибор берди. Ўзбекистон лойиҳа таклиф қилади, Корея банки молиялаштириш механизмини топади, корейс компанияси эса уни амалга оширишга киришади.
Яъни Кореядан Ўзбекистонга компания билан бирга унинг пули ҳам келиши мумкин.
Ўзбекистон яна 8 та тезюрар поезд олмоқчи
Корея томони эълон қилган 13 та келишув орасида энг аниқларидан бири — Ўзбекистонга 8 та қўшимча юқори тезликдаги поезд таркибини олиб келиш.
Ҳозирча поездлар сотиб олингани йўқ. Томонлар лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослашни бошлашга келишган.
Аммо Корея матбуотида бу лойиҳанинг эҳтимолий қиймати ҳақида ҳам маълумотлар бор. Financial News аввалроқ 8 та таркиб бўйича буюртма ҳажми 200 млрд вон атрофида (146 миллион доллар) бўлиши мумкинлигини ёзган.
Бунинг ортида Hyundai Rotem турибди.
Компаниянинг Ўзбекистон учун ишлаб чиқарган биринчи тезюрар поездлари аллақачон тижорий қатновга чиққан. Энди Корея компанияси Ўзбекистон бозорида иккинчи катта буюртмани олишга ҳаракат қиляпти.
Лекин гап фақат поезд сотиб олишда эмас.
Ўзбекистон Hyundai Rotem билан сервис маркази ташкил қилиш, эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш ва келгусида транспорт саноатида кооперацияни кенгайтиришни ҳам муҳокама қиляпти.

Тошкентнинг янги аэропорти — Корея учун ҳам жуда катта лойиҳа
Бу сафарнинг энг қизиқ нуқталаридан яна бири — Тошкентнинг янги аэропорти.
Кореянинг Инчхон халқаро аэропорти корпорацияси август ойидаёқ Тошкент янги аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Корея томони анча катта рақам келтирган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 6,9 трлн вон яъни тахминан 5,06 млрд АҚШ долларини ташкил этади.
Янги аэропорт 2031 йилда очилиши режалаштирилган. У амалдаги аэропортдан тахминан 35 километр жанубда қурилади.
Яна бир муҳим жиҳати, Инчхон аэропорти корпорацияси фақат маслаҳат бериб кетмайди.
Корейслар иштирокидаги консорциум аэропортни қуриш ва кейин бошқаришда 35 йил иштирок этади. Инчхон корпорациясининг ўзи 7,5 фоиз улушга, Кореянинг KIND компанияси билан бирга эса Корея томони 15 фоиз улушга эга бўлади.
Кореянинг ўзи буни Инчхон аэропорти корпорацияси тарихидаги энг йирик ягона хорижий лойиҳа деб атаяпти.
Демак, Тошкент янги аэропорти Ўзбекистон учунгина эмас, Корея учун ҳам стратегик бизнесга айланган.
Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари Корея учун нега муҳим?
Корея матбуотида энг кўп такрорланган сўзлардан бири — “critical minerals”, яъни муҳим минераллар.
Бу тасодиф эмас.
Корея автомобиль, аккумулятор, электроника, яримўтказгич ва бошқа юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Булар учун эса мис, молибден, вольфрам ва бошқа стратегик хомашёлар керак. Ўзбекистонда эса бундай ресурслар бор.
Шу сабаб икки давлат мавжуд Ўзбекистон–Корея нодир металлар маркази асосида минерални қидиришдан бошлаб, қазиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган бутун занжирда ҳамкорлик қилмоқчи.
Агар келишувлар режадагидек амалга ошса, Ўзбекистоннинг вазифаси фақат ердан рудани қазиб, экспорт қилиш эмас, балки уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, қимматроқ маҳсулотга айлантириш бўлади.
Ҳатто муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ишга туширилгани ҳам маълум қилинди.
Яримўтказгич ишлаб чиқаришга ҳам қадам ташланмоқда
Яна бир кам эътибор берилган, аммо истиқболли келишув бор.
Корея Эксимбанки билан учрашувда Ўзбекистонда яримўтказгичлар ва янги материалларни лойиҳалаш ҳамда синовдан ўтказиш маркази ташкил қилиш таклиф этилди.
Бу ҳали Ўзбекистонда Samsung чип заводи қурилади, дегани эмас.
Аммо Корея билан иқтисодий ҳамкорлик автомобиль ва тўқимачиликдан микроэлектроника томон силжиши мумкинлигини кўрсатади.
Бизнес-форумда ҳам Мирзиёев яримўтказгичлар, микроэлектроника, робототехника, автоматлаштириш, биотехнология ва энергия сақлаш тизимларини янги ҳамкорлик йўналишлари сифатида алоҳида санаб ўтди.
Корея Ўзбекистонда ўзи учун саноат зонаси ҳам хоҳлаяпти
13 та ҳужжат орасида кўпчилик эътиборидан четда қолган яна бир муҳим механизм бор.
Корея Эксимбанки билан келишувда Ўзбекистонда Корея компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этиш йўналиши ҳам киритилган.
У билан бир қаторда дата-марказлар, AI, ақлли шаҳарлар, фармацевтика, биотехнология, озиқ-овқат, косметика ва контент индустрияси бўйича лойиҳалар танланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ичида корейс компаниялари билан ишлайдиган махсус Korea Desk очилиши келишилган.
Бу корейс инвестори Ўзбекистонга келганда идорама-идора юрмасдан, битта махсус механизм орқали масалаларини ҳал қилиши учун керак.
Кореядан ҳарбий самолётлар ҳам келадими? Сеул ва Тошкент мудофаа ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Мирзиёевнинг Корея сафарида кўпчилик эътиборидан четда қолган, аммо муҳим келишувлардан бири — мудофаа саноати бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўлди. Корея президенти Ли Чже Мён билан музокараларда мудофаа саноати икки давлат ҳамкорлигининг янги стратегик йўналишларидан бири сифатида алоҳида тилга олинди. Саммит якунида имзоланган 13 та ҳужжат орасида ҳам мудофаа саноатида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича шартнома бор.
Эътиборли томони — гап фақат икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасидаги умумий меморандум ҳақида эмас. Кореянинг йирик авиация ва мудофаа концерни Korea Aerospace Industries (KAI) ҳамда Ўзбекистоннинг Uztek Trade компанияси ўртасида алоҳида шартнома имзоланди. Аммо унинг қиймати, қандай қурол-яроғ ёки ҳарбий техника назарда тутилгани ҳозирча очиқланмаган. Шу сабаб бу ҳужжатни тайёр қурол хариди тўғрисидаги контракт деб талқин қилишга ҳали эрта.
Бироқ бу ҳамкорликнинг тарихи янги эмас. KAI Ўзбекистон бозорига аввал ҳам жиддий қизиқиш билдирган. Компания 2010-йиллар ўрталарида Ўзбекистонга T-50 оиласига мансуб ўқув-жангов самолётларини сотиш имкониятини муҳокама қилган. Кейинчалик музокаралар натижасиз қолган. Энди KAIнинг Ўзбекистон билан янги шартнома имзолаши Корея матбуотида ҳарбий авиация бўйича музокаралар қайта жонланиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди.

Маълумот учун, T-50 — Кореяда ишлаб чиқилган товушдан тез учувчи юқори босқичдаги ўқув самолёти. Унинг асосида яратилган FA-50 эса енгил жанговар самолёт ҳисобланади. KAI маълумотига кўра, T-50 платформасининг турли версиялари Индонезия, Ироқ, Филиппин, Таиланд, Польша ва Малайзияга экспорт қилинган. Самолётнинг максимал тезлиги Мах 1,5 га етади.
Орадаги TA-50 версияси эса учувчиларни реал жанговар вазифаларга тайёрлашга мўлжалланган. Унда радар ва қурол тизимлари мавжуд, ҳаво-ҳаво ҳамда ҳаво-ер машқларини бажариш имкони бор.
Одатда KAI билан келишув фақат самолёт сотиш билан чекланмайди. Компания самолётлар билан бирга учувчилар ва техник ходимларни тайёрлаш, тренажёрлар, техник хизмат кўрсатиш ва логистик қўллаб-қувватлаш тизимларини ҳам таклиф қилади. KAIнинг расмий маҳсулот қаторида T/TA-50 ва FA-50 учун махсус ўқув-тренировка тизимлари ҳам мавжуд.
Корея ОАВда яна бир қизиқ таҳмин қуруқликдаги ҳарбий техника ҳақида ҳам гап кетмоқда. Ўзбекистон билан тезюрар поездлар бўйича катта ҳамкорлик қилаётган Hyundai Rotem айни пайтда Кореянинг K2 Black Panther танкини ҳам ишлаб чиқаради. Айрим корейс нашрлари компаниянинг Ўзбекистондаги мавжуд бизнес алоқалари келажакда мудофаа саноатига ҳам кенгайиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Лекин, Ўзбекистон K2 танклари сотиб олаётгани ҳақида ҳозирча на расмий келишув, на тасдиқланган буюртма бор.
Шунингдек, янги ҳамкорлик фақат қурол сотиб олиш билан чекланмаслиги мумкин. Президентлар даражасида ҳарбий-техник ҳамкорлик, идоралараро алоқалар, қўшма тадбирлар ва ҳарбий мутахассисларни тайёрлашни кенгайтириш масаласи ҳам қўйилган.
Корея матбуоти саммит натижаларини ёритар экан, транспорт ва инфратузилма каби анъанавий соҳалар қаторига энди муҳим минераллар, AI, биотехнология ва мудофаа саноати ҳам қўшилганини алоҳида қайд этмоқда.
Ўзбекистон расмий хабарларида асосан “дўстлик”, “алоҳида стратегик шериклик” ва “ҳамкорликни янги босқичга кўтариш” каби дипломатик таърифлар ишлатилди.
Корея нашрлари эса пул ва бизнесни олдинга чиқаряпти.
Seoul Economic Daily муносабатлар энди оддий савдодан “стратегик ишлаб чиқариш шериклиги”га ўтаётганини ёзди.
Корея бизнеси учун бу янги бозор, минераллар ва Марказий Осиёга кириш эшиги.
Ўзбекистон учун эса асосий манфаат — хомашёни сотиб юбориш эмас, технологияни олиб келиш, заводларни шу ерда қуриш ва маҳсулотни шу ерда ишлаб чиқариш.
Шу мақсадда Мирзиёев ҳатто Ўзбекистон–Корея саноат-технологик альянси тузишни таклиф қилди.
Бизнес-форумга Hyundai Motor Group, Samsung C&T, Lotte Chemical, CJ Group, Shinhan Financial Group, Hyundai Rotem, Kia ва бошқа йирик компаниялар келди. Ўзбекистон томони тадбирда 300 дан зиёд вакил қатнашганини маълум қилди.
Таълим ҳам четда қолгани йўқ
Томонлар олий, мактаб ва мактабгача таълим бўйича ҳамкорлик ҳужжатларини қабул қилди. Улар ўқитувчи ва ўқувчилар алмашинувини кенгайтириш, тил ўрганиш ва таълим соҳасида тажриба алмашишни назарда тутади.
Энг қизиқ янгилик — корейс тили Ўзбекистонда ўтказиладиган фан олимпиадаларининг расмий фанлари қаторига киритилади. Кореянинг Yonhap агентлиги ҳам бунга эътибор қаратган.
Бу қарорга эҳтиёж ҳам бор. Корея Таълим вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда корейс тилига қизиқиш жуда тез ўсмоқда. 2025 йилда корейс тили ўқитиладиган маҳаллий мактаблар сони 2023 йилга нисбатан икки баробардан кўпроқ ошган, TOPIK — корейс тилини билиш даражасини аниқловчи имтиҳонга эса қарийб 50 минг киши ҳужжат топширган.
Яна бир янгилик — ташриф арафасида Бухоро давлат педагогика университетида корейс тили йўналиши очилди. У ерда ҳар йили 60 нафар корейс тили ўқитувчисини тайёрлаш режалаштирилган. Университетда Тошкентдаги Корея таълим марказининг ҳудудий ўқув маркази ҳам иш бошлади. Бухоронинг ўзида корейс тили ўқитиладиган мактаблар сони 2023 йилдаги 4 тадан 2026 йил август ҳолатига 25 тага етган. Янги марказ Бухородан ташқари Навоий ва Урганч каби ҳудудларда ҳам корейс тили таълимини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мирзиёевнинг Корея сафари қанчалик муваффақиятли бўлганини имзоланган 13 та ҳужжат эмас, икки-уч йилдан кейин уларнинг нечтаси заводга, поездга, аэропортга, дата-марказга ва иш ўрнига айлангани кўрсатади.
Ҳозирча эса сафардан чиққан асосий сигнал аниқ. Корея Ўзбекистонга фақат маҳсулот сотадиган давлат бўлиб қолишни истамаяпти, Ўзбекистон эса Корея учун фақат хомашё манбаи бўлиб қолмасликка ҳаракат қиляпти.
Агар шу икки манфаат ўртасида мувозанат топилса, сафарнинг энг катта натижаси айнан шу бўлади.




