Биринчи «Марказий Осиё — Корея Республикаси» саммитида иқтисодий манфаатлар, жумладан, критик минераллар таъминоти муҳим ўрин тутмоқда. Аммо Ўзбекистон учун асосий савол — қазилма бойликлар эвазига фақат экспорт даромади олинадими ёки технология, қайта ишлаш корхоналари ва малакали иш ўринлари ҳам яратиладими?
Жанубий Кореянинг Марказий Осиё ресурсларига қизиқиши янгилик эмас. Сеул учун ишончли хомашё таъминоти технологик саноатининг барқарор ишлаши билан боғлиқ. Шу сабабли минтақадаги минерал захиралар иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналишига айланмоқда.
Бу қизиқиш аниқ келишувларда ҳам кўринади. 2024 йил июнида Корея Қозоғистон билан литий, хром, уран ва нодир ер элементларини қидириш ҳамда ўзлаштириш бўйича келишувлар тузган. Улар Сеулнинг таъминот манбаларини диверсификация қилиш ҳаракатларининг бир қисми эди.
Ўтаётган саммитда ҳам бу йўналиш алоҳида ўрин олган. Корея Саноат вазирлигининг 2026 йил 11 августдаги хабарида Тожикистон билан музокаралар саммит доирасида критик минераллар соҳасида амалий натижаларга эришишга қаратилгани айтилган.
Демак, саммитни Марказий Осиё қазилма бойликлари ва уларнинг таъминот занжирлари учун кучаяётган рақобатнинг бир қисми сифатида баҳолашга асос бор. Бироқ ҳамкорликни фақат минераллар билан изоҳлаш унинг саноат, таълим ва технология соҳаларидаги имкониятларини четда қолдиради.
Ўзбекистоннинг манфаати қаерда?
Ўзбекистон учун Кореянинг аҳамияти хомашё харидори бўлиши билангина белгиланмайди. Мамлакатга минералларни қазиб олишдан кейинги босқичлар — саралаш, бойитиш, чуқур қайта ишлаш ва саноат маҳсулотига айлантириш технологиялари ҳам керак.
Аслида, бу мақсад аввал ҳам қўйилган. 2024 йилги Ўзбекистон — Корея музокараларида критик минералларни чуқур қайта ишлаш ва тўлиқ қўшилган қиймат занжирини яратиш устувор йўналиш сифатида белгиланган эди. Энди муҳим савол — ўша келишувлар қай даражада молиялаштирилган ва амалга оширилаётган лойиҳаларга айланди?
Ўзбекистонда бундай ҳамкорлик учун ресурс базаси бор. Президент матбуот хизматининг 2025 йил мартдаги маълумотига кўра, мамлакатда вольфрам, молибден, литий, германий, графит ва бошқа 30 дан ортиқ металл конлари аниқланган. Лекин ресурснинг мавжудлиги ўз-ўзидан юқори даромадли саноат пайдо бўлишини англатмайди. Бунинг учун технология, сармоя ва мутахассислар зарур.
Корея билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон учун қиймати айнан шунда. Агар минераллар мамлакатнинг ўзида қайта ишланса, маҳаллий муҳандислар тайёрланса ва корхоналар технологик тажриба орттирса, ҳамкорлик узоқ муддатли иқтисодий натижа беради. Хомашё экспорти билан чекланилса, ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичларида яратиладиган қийматнинг катта қисми хорижда қолади.
Сеул билан алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистоннинг иқтисодий шерикларини кўпайтириш имконини ҳам беради. Аммо бу имкониятнинг натижаси келишувларнинг шартларига боғлиқ. Технология қандай берилади, ишлаб чиқаришнинг қайси босқичи Ўзбекистонда қолади ва маҳаллий корхоналар унда қандай иштирок этади? Бу шартлар очиқланмаган.
Шунинг учун саммит якунларида эълон қилинадиган умумий миллиардлар қаторида қайси корхона қурилади, маблағни ким ажратади, иш қачон бошланади ва нечта малакали иш ўрни яратилади, деган масалалар бор.
Корея ўз саноати учун минерал таъминотини мустаҳкамлашга интилмоқда. Ўзбекистон учун саммитнинг асосий мезони эса шу ҳамкорлик орқали ўз саноати қанчалик ривожлантира олиш бўлади.




