Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистонда умумий сармоя ҳажми 1 миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган 10 та лойиҳани кўриб чиқмоқда. 2027 йилда мамлакатдаги лойиҳаларга камида 500 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.
Банкнинг хабарига кўра, бу масалалар бошқарув раиси Николай Подгузов ва бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев учрашувида муҳокама қилинган. Ўзбекистонга киритиладиган инвестициялар 2031 йилгача 3 миллиард долларга етиши мумкин.
Йилига 500 миллион доллар сармоя киритиш нияти аввал ҳам айтилган. Подгузов 2026 йил май ойида банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилиши муносабати билан берган интервьюсида шу режани маълум қилган эди. Ўшанда 2–3 миллиард долларлик лойиҳалар тайёрланаётгани, мамлакат бўйича стратегияни 2027 йилдан амалга ошириш кўзда тутилгани айтилган.
Янги баёнотда маблағларни транспорт ва логистика, сув ва энергетика, саноат ҳамда рақамлаштиришга йўналтириш белгиланган. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспорт, «яшил» ва исломий молиялаштириш ҳам устувор йўналишлар қаторида.
Подгузовнинг айтишича, хусусий ва халқаро маблағларни давлатнинг тўғридан-тўғри қарз юкини оширмайдиган механизмлар орқали жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Банкнинг Ўзбекистондаги амалий келишувларидан бири Uzum билан боғлиқ. Май ойида томонлар 70 миллион долларлик кредит битимини имзолаган, октябрда эса молиялаштириш ҳажми 100 миллион долларга оширилган. Маблағлар аҳоли ва бизнес учун рақамли молиявий хизматларни кенгайтиришга мўлжалланган.
Маълумот учун, ҳозир Евроосиё тараққиёт банкига 7 давлат аъзо: Россия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон.
Ўзбекистон банкка 2025 йилда қўшилган. Мамлакат унинг капиталидаги 10 фоизлик улуши билан учинчи йирик акциядор ҳисобланади. Банкнинг 2025 йил якуни бўйича ҳисоботида мамлакатимиз 10 миллион доллар тўлангани кўрсатилган. Жами 168,4 миллион доллар бадални 2025–2027 йилларда давлат бюджетидан тўлаш белгиланган. Бунинг ташқарисида яна 609,4 миллион долларлик талаб қилинганда тўланадиган мажбурият бор.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X




