Боғчалар қутилади, мактаблар тутилади…ми?
Ўзбекистон яна 12 йиллик таълим тизимига ўтиш арафасида. Бироқ мактабларда ўқувчи ўринлари етишмаётган, айрим синфларда 40 нафардан ортиқ бола ўқиётган бир пайтда янги тизим қандай ишлайди? Жамоатчилик фаоллари, таълим экспертлари ва ҳатто депутатлар ҳам ислоҳот билан боғлиқ қатор саволларни ўртага ташламоқда.
17 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси олти ёшли болаларни мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлашни умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичига айлантириш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Янги тизим бир йиллик тайёрлов, тўрт йиллик бошланғич, беш йиллик таянч ва икки йиллик умумий ўрта таълимдан иборат бўлади. Яъни 12-синф очилмайди, мавжуд 11 йиллик таълимга мактабга тайёрлов босқичи қўшилади.
Ўқувчи ўрни қаердан топилади?
Иқтисодчи ва жамоат фаоли Отабек Бакиров янги тизим шундоқ ҳам катта юклама билан ишлаётган мактаблардаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлигига эътибор қаратмоқда.
«12 йиллик тизимга ўтиш мактабларга мавжуд юкламани янада оширади. Йилдан йилга ошиб бораётган ўқувчи ўрни етишмовчилиги қандай ҳал қилинади?» — дея савол қўймоқда иқтисодчи.
Бакиров 9-синф битирувчиларининг бир қисмини техникумларга йўналтириш орқали мактабларда ўрин бўшатилган тақдирда ҳам муаммо тўлиқ ҳал бўлмаслигини таъкидламоқда.
Мактаблардаги ўринлар танқислиги янги муаммо эмас. 2024 йилда вазирлик вакили мамлакатда 1,2 миллион ўқувчи ўрнига эҳтиёж мавжудлигини маълум қилган эди. Бакировнинг 2025 йилдаги ҳисоб-китобларида эса бу кўрсаткич 1,7 миллионга етгани айтилган.
«Тизим тайёрми бу нарсага?»
Қонун лойиҳаси муҳокамасида депутат Сайдулло Азимов ҳам мактабларнинг мавжуд имкониятлари ва демографик ўсиш масаласини кўтарди.
«Мактабларнинг дарди шу ҳолатдаки, битта синфда 40 дан ортиқ бола ўқийди», — деди депутат.
Унинг эътирозига кўра, туғилиш кўрсаткичларининг ўсиши ҳар йили қўшимча ўқувчи ўринларини яратишни талаб қилмоқда. Шундай шароитда вазирлик депутатларга ислоҳотнинг молиявий оқибатлари бўйича асосланган таҳлил тақдим этиши керак эди. Бироқ қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида харажат талаб қилинмаслиги кўрсатилган.
Вазирликнинг парламентда келтирган ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда 905 мингдан ортиқ бола олти ёшга тўлади. Уларнинг 885 минг нафарини мавжуд тайёрлов ва қисқа муддатли гуруҳларга жалб этиш имконияти бор. Қолган 20 минг нафар бола учун 800 та янги гуруҳ ташкил этилиши режалаштирилган.
Қўшимча гуруҳлардаги педагоглар иш ҳақи учун 1,8 миллиард сўм, хоналарни жиҳозлаш учун эса 20,1 миллиард сўм талаб этилиши айтилди.
Демак, барча олти ёшли болаларни мактаб биноларига кўчириш режалаштирилмаган. Аммо мавжуд ўринларнинг қанчаси сифатли таълим бериш учун етарли шароитга эга экани ҳам муҳим масала.
Болаларга ким дарс беради?
Таълим эксперти Комил Жалилов қонун лойиҳаси муҳокамасида қатор муҳим саволлар жавобсиз қолганини таъкидламоқда.
«Икки-уч сменада ишлаётган мактабларда боғчага бормаётган болаларни йиғиб дарс ўтишга жой ва имкон топиладими?» — дея сўрамоқда эксперт.
Жалилов тайёрлов гуруҳларида ким дарс бериши, қўшимча педагог штатлари ажратилиши, ижтимоий объектларда болалар хавфсизлиги қандай таъминланиши билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратган.
Шунингдек, эксперт тайёрлов гуруҳлари дастури биринчи синф дастури билан қандай уйғунлаштирилишига қизиқмоқда.
«Ёки бир йил тайёрлов гуруҳида болаларга ҳарфни ўргатиб, яна 1-синфни “алифбе”дан бошлаймизми?» — деб ёзади Комил Жалилов.
Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги фармонида 2027/2028 ўқув йилидан тайёрлов гуруҳларида олий маълумотли педагоглар ёки олийгоҳларнинг битирувчи босқич талабалари дарс бериши белгиланган. Бироқ бундай кадрларга эҳтиёж қанчалиги ва уларнинг ҳудудлар бўйича тақсимоти ҳам очиқланиши лозим.
Бир йил қўшиш билан таълим сифати ошадими?
Profi университети асосчиси, ҳуқуқшунос Бектош Ҳатамов ҳам 2025 йил сентябрида 12 йиллик таълимга ўтиш ташаббусига муносабат билдирган эди.
«Синфлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилолмаётганимизда яна бир йил қўшиш орқали бунга қандай ечим қилинади, муаммо янада катталашиб кетмасмикан?» — деган эди у.
Ҳатамовнинг фикрича, 12 йиллик таълимга ўтиш шунчаки яна бир йил қўшиш эмас, балки ўқитиш методикаси, дастурлар ва инфратузилмани янгилашни талаб қилади.
Таълим эксперти Шокир Турсун эса 2024 йилдаёқ болаларни эртароқ мактаб таълимига жалб қилиш масаласида Ўзбекистоннинг имкониятларини баҳолаб, шундай фикр билдирган эди:
«Мактабларимизнинг сиғими бунга тайёр эмас. Ўқитувчиларнинг сони ҳам етмайди, бюджет ҳам бунга тайёр эмас».
У болаларнинг психологик, жисмоний ва интеллектуал тайёргарлиги бўйича тадқиқотлар ўтказиш, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.
Халқаро стандартларга мослашамизми ёки рақамларни ўзгартирамизми?
12 йиллик таълимга ўтишнинг асосий важларидан бири — Ўзбекистон таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, хорижий университетларга киришдаги тўсиқларни камайтириш.
Бироқ мактабгача тайёрловнинг умумий ўрта таълим таркибига киритилиши унинг автоматик равишда хорижда 12 йиллик мактаб таълими сифатида тан олинишини англатмайди.
Депутат Умиджон Ёқубхўжаев ҳам қонун лойиҳаси муҳокамасида ЮНЕСКОнинг халқаро таълим таснифига мувофиқлик масаласини кўтариб, янги тизим келгусида ўзбекистонлик ёшларнинг хорижда таълим олишида муаммолар келтириб чиқармаслиги билан қизиқди.
Вазирлик вакиллари бундай муаммолар юзага келмаслигини билдирган бўлса-да, хорижий университетлар янги тизимни қандай қабул қилиши ҳали амалиётда тасдиқлангани йўқ.
Яна тарих такрорланяптими?
Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб тўққиз йиллик мактаб ва уч йиллик коллеж ёки лицей таълимидан иборат 12 йиллик тизим жорий этилган эди. 2017 йилда эса 11 йиллик мактаб таълимига қайтиш бошланди.
Ўшанда болаларни 9-синфдан кейин ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиш, коллежлардаги таълим сифати ва мажбурий касб танлаш билан боғлиқ муаммолар танқид қилинганди.
Бугун эса бошқа шаклда бўлса-да, яна 12 йиллик таълим тизимига ўтилмоқда.
Шу ўринда савол туғилади, аввалги ислоҳотлар натижалари қанчалик чуқур таҳлил қилинган? Йўл қўйилган хатолардан қандай хулосалар чиқарилган? Янги тизимнинг беш-ўн йилдан кейинги натижалари ҳисоблаб чиқилганми?
Расмийлар жамоатчиликка шунчаки 12 йиллик таълимга ўтилаётгани ҳақида хабар бериш эмас, балки бу ўзгариш болаларга нима бериши, қанча маблағ талаб қилиши, қаерда ва ким томонидан амалга оширилишини тушунтириш керак. Эркинжон Турдимов ўзи қилмоқчи бўлаётган ислоҳотлар ҳақида очиқ матбуот анжуманида қачон ҳисобот беради?
Зеро, таълимдаги ислоҳотнинг муваффақияти йиллар сони билан эмас, болалар олаётган билим сифати билан ўлчанади.




