Россиянинг Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти рекорд даражага етди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг хорижга озиқ-овқат сотишдан олаётган даромади камаймоқда.
Жорий йилнинг ўн ойида Россия Ўзбекистонга 1,2 млрд доллардан ортиқ қийматдаги 1,4 млн тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан маҳсулот ҳажми 60 фоизга, қиймати эса 32 фоизга ошган.
Россиянинг «Агроэкспорт» маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистон ушбу мамлакатдан 274 млн долларлик шакар, 139 млн долларлик чорва озуқаси, 93 млн долларлик шоколад маҳсулотлари, 60 млн доллардан ортиқ кунгабоқар ёғи ва 52 млн долларлик буғдой сотиб олган.
18–20 ноябрь кунлари Тошкентда Россиянинг 50 дан ортиқ экспортчи компанияси иштирокида бизнес учрашувлари ўтказилади. Россиялик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон бозорида ўз маҳсулотлари савдосини янада кенгайтириш ниятида.
Ўзбекистоннинг озиқ-овқат савдосида вазият қандай?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистоннинг барча мамлакатларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 3,4 фоизга камайиб, 1,98 млрд долларни ташкил этган. Импорт эса 37,5 фоизга ошиб, 4,22 млрд долларга етган.

Мева-сабзавот экспортидан тушган даромад ҳам бир йилда 158,3 млн долларга қисқарган. Хусусан, узум, гилос ва майиз экспортида пасайиш, шафтоли, пиёз ва помидор экспортида эса ўсиш кузатилган.

Бир йил аввал озиқ-овқат импорти ва экспорти ўртасидаги фарқ қарийб 1 млрд доллар бўлган бўлса, бу йил 2,24 млрд долларга етган.
Бу нимадан далолат беради?
Аҳоли сонининг кўпайиши, истеъмол талабининг ортиши озиқ-овқат импорти ўсишининг табиий омилларидан бўлиши мумкин. Қолаверса, импорт ички бозорда маҳсулот танқислигининг олдини олиш ва нархларни барқарорлаштиришга ҳам хизмат қилади.
Бироқ импортнинг кескин ўсиши фонида экспортнинг қисқараётгани маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг рақобатбардошлиги масаласини кун тартибига чиқармоқда.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори мамлакат бўлишига қарамай, озиқ-овқат савдосидаги салбий тафовут кенгайиб бормоқда. Бу ташқи бозорлардаги нарх ўзгариши ва экспортчи давлатлар киритиши мумкин бўлган чекловларнинг ички бозорга таъсирини кучайтириши мумкин.




