Тошкентнинг «дизайн-коди» атрофида баҳс кучайди. Бизнес-омбудсман қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокими эса ҳозирча ўз қарорини ўзгартирмоқчи эмас!
Тошкент шаҳрида жорий этилаётган «дизайн-коди» атрофида тадбиркорлар эътирози кучаймоқда.
Жумладан, Тошкентдаги умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари электр энергиясини ўчириш таҳдиди билан пештахталари демонтаж қилинаётганидан шикоят қилди.
Савдо-саноат палатаси ташкил этган очиқ мулоқотда Giotto тармоғи асосчиси Кемал Кая ҳокимлик талаблари бир неча бор ўзгаргани, фасадни қисқа вақт ичида қайта-қайта ўзгартиришга мажбур бўлганини айтди. У янги талаблар халқаро брендлар ва маҳаллий бизнес учун қийинчилик туғдираётганини таъкидлаб, ҳужжатда фасад ранглари, пешлавҳа ўлчамлари ва дизайн талаблари аниқ белгилаб берилиши кераклигини билдирди.
«Сиз мамлакатни бутун Европа олдида шарманда қиляпсиз […] Бундай лойиҳани нормал мамлакатда қила олмайсиз, узр. Бу усул ўтмайди […] Итальянлар куляпти. Papa Johns’да ҳам худди шу муаммо. Ҳаммада муаммо бор. Нега бу ерда муаммо бўлиши керак? Бунга ҳокимият эмас, лойиҳани ишлаб чиққан одамлар айбдор […] Уларнинг айби туфайли ҳокимиятга ҳам, сизга ҳам, одамларга ҳам — ҳаммага қийин бўляпти […] Ўзбекистонни Шимолий Кореяга айлантирмоқчисиз», — дея қайд этган у. 
Бу масалага муносабат берган Бизнес-омбудсман пойтахтдаги реклама воситалари, пешлавҳалар ва фасадларни ягона тартибга келтиришга қаратилган қарорнинг айрим нормалари тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ва амалдаги қонунчилик талабларига зид бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши томонидан 2026 йил 17 февралда қабул қилинган қарор тадбиркорлик муҳитига таъсири нуқтаи назаридан ўрганилган. Таҳлил давомида ҳужжат Бизнес-омбудсман билан келишилмасдан қабул қилингани аниқланган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъектларига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ваколатли орган билан мажбурий тарзда келишилиши керак.
Бизнес-омбудсман, шунингдек, қарорда реклама воситалари учун белгиланган «паст тўйинган» ва «нейтрал» ранг каби тушунчаларнинг аниқ ҳуқуқий мезонлари очиб берилмаганини қайд этди. Бу эса тадбиркорларнинг рўйхатдан ўтган бренди, фирма услуби ва интеллектуал мулк ҳуқуқларига таъсир қилиши мумкин. Янги талабларга мослашиш учун белгиланган уч ойлик муддат ҳам етарли эмаслиги таъкидланиб, қарорнинг тадбиркорликка дахлдор қисмларини қайта кўриб чиқиш ва амалга кириш муддатини узайтириш таклиф қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова жараёнда жабр кўрган тадбиркорлар компенсация масаласида туман ҳокимликларига мурожаат қилиши мумкинлигини маълум қилган.




