Хусусий клиникаларда лицензия, аккредитация ва сифат назорати кучайтирилади
Президентнинг 5 майдаги фармони ва қарори билан тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли ўзгаришлар белгиланди.
Ҳужжатларга кўра, хусусий секторнинг тиббий хизматлар кўрсатишдаги улуши 2030 йилга қадар 30 фоизга етказилади. Бунинг учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари давлат тиббий суғуртаси тизимига кенгроқ жалб этилади, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари кўпайтирилади ва инвесторлар учун “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотлари лицензияси доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан беморларга тиббий хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Даволаш харажатлари давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади.
Аккредитациядан ўтган клиникалар учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперт комиссияси хулосасини олиш талаби бекор қилинади. Жамғарма маблағлари доирасида беморларга ихтисослаштирилган амбулатор хизматлар ва жарроҳлик амалиётлари учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади.
Тиббиёт ташкилотлари кесимида бюджет маблағларини тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, маблағлар касалликлар йўналишлари кесимида ойлик ҳажмларда белгиланади. Лицензия талаблари бузилган тақдирда эса лицензия бутун ташкилот бўйича эмас, фақат қоида бузилган тиббий ихтисослик тури бўйича тўхтатиб турилади.
2027 йил 1 майдан миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига қонунчиликда белгиланган тартибда трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилади. Бунда беморлар ва донорлар ҳақидаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига мажбурий тартибда тақдим этиб борилади, трансплантация хавфи юқори фаолият тури сифатида назорат қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги этиб қайта номланади. 2026 йил 1 сентябрдан агентликка хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш, инвестиция ва ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш, инвесторларга консалтинг хизматлари кўрсатиш каби вазифалар юкланади.
Агентлик таъсисчилигида акциядорлик жамияти шаклидаги “Health Invest” компанияси ташкил этилади. Унинг устав фонди Тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм миқдорида шакллантирилади. Жамғармага Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилади.
2027 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишнинг янги тизими жорий этилади. 2026 йил якунига қадар “Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази”, “Болалар миллий тиббиёт маркази”, “Миллий тиббиёт маркази” ва “Кўпфункцияли тиббиёт маркази” МЧЖ синов тариқасида “Health Invest” бошқарувига ўтказилади.
Хусусий клиникаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Ўзмиллийбанк” томонидан 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Тадбиркорларга вилоят марказларидан ташқари туман ва шаҳарларда, шунингдек, чегара ҳудудларида юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатувчи клиникалар ташкил этиш учун 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, 10 миллион долларгача эквивалентда кредит ажратилади.
Солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам белгиланмоқда. 2029 йил 1 майгача тиббиёт ташкилотларида ишлайдиган чет эллик шифокорлар, менежерлар, консультантлар ва техник мутахассислар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. 2026 йил 1 июндан 2029 йил 1 июнгача тиббий жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, сарф материаллари ва махсус тиббий автотранспорт воситалари импорт божхона божидан озод қилинади.
2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлгача иш берувчилар томонидан ҳар бир ходим ва унинг оила аъзолари учун йилига 10 миллион сўмгача тўланадиган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари фойда солиғи базасидан чегириб ташланади.
Иккинчи ҳужжат билан тиббий хизматлар сифатига оид талаблар ҳам кучайтирилди. 2030 йилга қадар 3 мингдан ортиқ давлат тиббиёт муассасаси лицензия талабларига мослаштирилади. Барча давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун ягона талаблар жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ишчи орган сифатида фаолият юритади. Тиббиёт ташкилотларида хизмат сифатини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма ташкил этиш лицензия талаби сифатида белгиланади.
Давлат тиббиёт муассасалари учун ҳам лицензия олиш мажбурий бўлади: республика даражасидаги муассасалар 2027 йил 1 апрелгача, ҳудудий муассасалар 2028 йил якунигача, туман ва шаҳар даражасидаги муассасалар эса 2030 йил якунигача лицензия олиши керак.
2028 йил 1 апрелдан миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома туза олмайди.
2027 йил 1 апрелдан тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини ягона талаблар асосида Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий ва бепул интеграция қилиш талаби киритилади. Шу орқали хизматлар сифати ва лицензия талабларига амал қилиниши масофавий тарзда баҳолаб борилади.
Қарорга кўра, тиббий хизматлар жараёнига камида 75 та миллий аккредитация стандарти жорий этилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2028 йил якунига қадар Лицензиялаш ва аккредитациялаш марказини ISQua халқаро ташкилоти томонидан аккредитациядан ўтказиши керак.
Марказ фаолиятини йўлга қўйиш, ахборот тизими ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун 2026 йилда 20 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, марказнинг 20 нафар ходими ва тиббиёт соҳасидаги ННТларнинг 5 нафар ходими халқаро аккредитация ташкилотларида малака оширади.




