Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жавоб кутамиз.
Шу кунларда кетм-кет ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан пора ишига аралашган терговчи ва прокурорлар қўлга олинаётгани ҳақида ОАВ хабарлар пайдо бўлмоқда.
Бироқ ОАВда катта шов-шув бўлган 40 минг доллар пора олаётганда ҳодиса жойидан қочиб кетган терговчи 2 ой ўтган бўлса-да ҳамон қўлга тушмади. Бу ҳақидаги маълумотларни очиқлашни сўраганимизда Бош прокуратура мутасаддилари сукут билан жавоб қайтармоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби эса очиқлашни истамаяпти.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни 40 минг доллар порани олиб, жиноий таъқибдан қочиб кетган Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси тутилгани ёки ҳамон озодликда эканлиги бўйича маълумотлар шу вақтгача очиқланмади.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби uzdiplomat.uz сўровига “расмий каналларимизни кузатиб боринг” қабилида жавоб бериш билан чекланмоқда. Шунингдек, вазирлик матбуот котиби ОАВ тўғрисидаги қонуннинг 6 –моддасини эслатиб, тергов ишларига аралашмасликни сўрамоқда. Аммо, пора олиш жараёнида қочиб кетган терговчи қўлга тушган ёки тушмаганига аниқлаш, қочиб кетган айбланувчининг озодликда ёки тутилгани бўйича аниқлик киритиш тергов жараёни ва сирлари сирасига кирмайди.
Пора олишда айбланган амалдорларнинг қўлга тушгани бўйича маълумотлар жамоатчиликка очиқланиши лозим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг терговчини қўлга тушмаганини очиқлашни истамаслиги қидирув органлари хатти-ҳаракати самарасизлигини яширишга уринишдек кўринмоқда.
Кўриниб турибдики, икки ой давомида тергов қидирув органлари жиноят содир этиш жараёнида қочиб кетган Юнусобод тумани катта терговчисини қўлга олишга эришмади. Пора олишда айбланаётган терговчи Ш.Ш айнан махсус тезкор тадбир жараёнида, пул билан қочиб кетишга улгурган эди. Шунингдек, пора ашёвий далил сифатида ушлангани ҳам айтилади.
Маълумот учун, ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Ш.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.




