Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов «Йил танлови – 2024» номинациялари бўйича номзодларини айтиб ўтди.
«2024 йилнинг энг намунали вазирлиги»
➖ Мен ҳукумат идораларини жуда кўп танқид қилиб келаман, кўп ҳолларда келиша олмай ҳам қоламан. Лекин очиқлик, шаффофлик бўйича рейтингларни кузатаман ва бу рейтингда кўпроқ балларни Адлия вазирлиги йиққан. Лекин мен бу вазирликда ҳам жуда катта шаффофлик кўрганим йўқ, бўладиган ишни қилишяпти. Лекин нисбатан олинса Адлия вазирлиги ва баъзи идораларни келтириш мумкин.
«2024 йилнинг энг намунали вилоят ҳокимлиги»
➖ 2024 йилда Тошкент вилояти ҳокимлигини яхши ишлагандек кўринган ҳокимлик, деган бўлардим. Матбуотда оммавий қабуллар ўтказилганини кўрдим. Лекин буни самараси қанақа бўяпти, вилоятнинг ўзи стратегик кўрсатгичи қанақа деган саволлар бу саволга жавоб бўла олади. Мен бу саволга юзаки тарзда медиада ёки ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг халққа яқин кўрсатилгани деган бўлардим.
«2024 йилнинг энг ёмон ишлаган вилоят ҳокими»
➖ Журналистларни бир нарса қилиб юбораман, деган Андижон ҳокими бу номинацияда ҳали бери биринчиликни бошқага бермаса керак.
«2024 йилнинг энг фаол партия лидери»
➖ Фаоллик нуқтаи назаридан айтсак доимгидек либераллар, кейин «Адолат» социал демократик партияси ҳам бирмунча ҳуқуқий муаммолар ҳақида ҳам кўтаришган эди. Лекин мана парламент сайлови ўтганидан кейин бирортасида жон йўқ.
«2024 йилнинг энг фаол медиа лидери»
➖Медиа лидер ўзи нисбий, лекин энг фаол, одамларни тилига тушган журналистлар жуда кўп. 2024 йилда самарқандлик аёлнинг янтоқ йиғиб юрган ҳаётини очиб берган журналист бор. Бу бизнинг ҳақиқий ҳаётимиз. Бу контентни йилнинг энг катта контенти деган бўлар эдим. Агар журналист касбий фаолияти давомида битта шунақа материал тайёрласа унга ўша йил номинацияларини бериш мумкин.
«2024 йилнинг Йил одами»
➖»Йил одами» ижтимоий сиёсий вазиятга таъсир қиладиган одам бўлиш керак. Бунақа одам йўқ, агар бўлганда уни айтган бўлар эдик. 2024 йилда ҳамма ўзини ишини қилди. Мамлакатни ижтимоий сиёсий ҳаётига етарли даражада ўзгаритиш кирита олган ёки ғоя, йўналиш кирита олган кўзга кўринган одам йўқ. Шунинг учун «бу йилни одамсиз йил», деб қўя қолайлик.




