Канада компанияси Ўзбекистонда эски конларнинг ўзида газ қазиб олишни оширишни ваъда бермоқда
Ўзбекистонда газ қазиб олишнинг пасайишини янги технологиялар ёрдамида тўхтатиш ва мавжуд конлардан қўшимча миллиардлаб куб метр газ олиш имконияти бор. Бу ҳақда Condor Energy Development бош директори Трент Мерсье Uzdiplomat.uz билан суҳбатда билдирди.
Унинг айтишича, компания сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда қазиб олиш ҳажми камайиб бораётган конларда ишлаб, янги технология ва тажрибаларни жорий этган. Мерсье компания ишлаётган конларда пасайиш тўхтатилгани ва қазиб олиш ҳажми ўса бошлаганини таъкидлади.
«Биз қазиб олаётган газнинг барчаси мамлакатда, ички бозор учун қолади. Ўзбекистонда камида 20 йил ишлашни режалаштирганмиз», — деди у.
Газ камайишини тўхтатиш мумкинми?
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан-йилга камаяётгани ҳақидаги саволга жавобан Мерсье буни конларнинг эскириб бораётгани билан изоҳлади. Унинг таъкидлашича, Канада ҳам шундай муаммога дуч келган ва компания ўша ерда орттирилган тажрибани Ўзбекистонда қўлламоқда.
«Биз бу ёндашувлар яхши натижа бераётганини кўрсатдик. Уларни бошқа конларда ҳам қўллаш орқали газ қазиб олишнинг пасайишини тўхтатиш мумкинлигига ишонамиз», — деди компания раҳбари.
Мерсьенинг баҳолашича, мавжуд конлардан қўшимча миллиардлаб куб метр газ олиш салоҳияти бор. Бироқ у ҳар бир конда натижа бир хил бўлмаслигини ҳам қайд этди. Бу рақамлар ҳозирча компания раҳбарининг салоҳият ҳақидаги баҳоси бўлиб, кафолатланган қазиб олиш ҳажмини англатмайди.
«Ўзбекнефтгаз» билан лойиҳани кенгайтириш муҳокама қилинмоқда
Мерсье компания «Ўзбекнефтгаз» конларида хизмат кўрсатиш келишуви асосида ишлашини тушунтирди. Унга кўра, Condor технологиялар ва таваккалчиликни ўз зиммасига олган ҳолда сармоя киритади, «Ўзбекнефтгаз» эса давлат номидан ишлар устидан назорат олиб боради.
Ҳозир томонлар лойиҳани бошқа конларга кенгайтиришни муҳокама қилмоқда. Ҳамкорлик доирасида маҳаллий мутахассисларга янги технологияларни ўргатиш ҳам кўзда тутилган. Суҳбатда янги инвестиция миқдори ёки кенгайтириш бўйича якуний келишув эълон қилинмади.
Экологик таъсир ва ходимлар хавфсизлиги
Компания раҳбари экологик таъсир ҳақидаги саволга жавобан ўз лойиҳаси доирасида объектлар модернизация қилингани, карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш, сувни йиғиш, тозалаш ва қайта ишлатиш чоралари кўрилганини айтди. Шунингдек, газни ёқиб юбориш амалиёти тўхтатилганини билдирди.
Мерсьенинг сўзларига кўра, ходимларни ўқитиш ва хавфсизлик жиҳозларига ҳам маблағ сарфланган.
«Фаолият бошлаганимизга қарийб минг кун бўлди. Шу вақт ичида жароҳатланиш ҳолати қайд этилмаганидан фахрланамиз», — деди у.




