II қисм. Суриядан узоқ йўл
Суриядан қайтган аёллар ҳақидаги баҳслар ҳали ҳам жамиятда кучли. Кимдир уларни “жамиятга хавф солувчи жим миналар” деб атайди, кимдир эса уларни жабрдийда деб қабул қилади. “Нега уларни қайтардик?”, “Улар қайтишни хоҳламайдими?”, “Яна жиҳодга кетиб қолишлари мумкинми?” — бу саволларга мутахассислар қандай жавоб беради?
Бу саволлар орасида Гулноранинг тақдири айниқса оғир. У қизи билан “Мехр” операцияси орқали Ўзбекистонга қайтган. Аммо икки ўғли — ҳали ҳам Сурия қамоқхоналарида.
“Мен икки ўғлимни у ерда қолдириб келдим. Улар ҳам қайтсин…”
Сайлгоҳда секин юриб кетаётган Гулнора опанинг ҳар бир қадами оғир. Унинг овози ортидан юракка йўл олади:
“Мамлакатимга қайтиб келганимга шукр. Фақат битта орзуим бор — ўғилларим ҳам қайтсин. Бизни олиб келишди, болаларимни ҳам олиб келишса… Президентимиз олиб келди-ку, уларни ҳам келтиришсин.”
Гулнора ўз болаларини ўзи уруш ўчоғига етаклаб борганини яширмайди. Аммо у бунга қурол кўтариб жанг қилиш учун кетмаганини таъкидлайди:
“У ерда ҳаммаси мусулмонлар, деб ишониб кетганман. Намоз ўқий бошлагандим… Кейин Урфа орқали Сурияга чиқиб кетдик…”
“15 дақиқада сиз ҳам Сурияга кетишга рози бўласиз” — психологик мослаштириш қандай ишлайди?
Жамиятда энг кўп берилган саволлардан бири — “Улар нега қайтарилди? Улар-ку ўзлари борган, уларга нима учун жабрдийдалардек қарашимиз керак?”
Психолог эса бутун масалани бошқача изоҳлайди:
“Ҳеч ким ўз-ўзидан Сурияга кетмаган. Ташқарида босим бор — оилавий босим, диний манипуляция, интернетдаги алдов… Агар хоҳласангиз, сизга 15 дақиқада психологик ишлаш орқали Сурияга кетишга рози бўлишингизни ҳам таъминлаш мумкин. Бу — оддий одамни миясида яратиладиган иллюзия.”
Унинг сўзларига кўра, кўплаб аёллар эрларининг босими, диний шиорлар ёки мухтожлик орқали алданган. Улар борганидан кейин эса нейтрал минтақаларда яна қайта ишловдан ўтказилган ва шундан кейин уруш ҳудудига олиб ўтилган.
“Бизда қайтиш йўқ. Лекин инсон қалби — сирли”
Қўшни давлатларда Суриядан қайтганларнинг яна жиҳодга қайтишга ҳаракат қилганлари ҳақида хабарлар тарқалган. Бизда бундай ҳолат борми?
Психолог бунга шундай жавоб берди:
“Бизда қайтиш йўқ. Қайтиб кетаётганлар кузатилмаган. Лекин инсоннинг ичини била олмаймиз — ниятни аниқ ўлчов йўқ. Шунинг учун реабилитация узлуксиз давом этиши керак.”
У қайтган аёллар ишсиз қолмаслиги учун давлат томонидан стартаплар, маслаҳатлар ва турли ёрдамлар берилганини айтади.
Гулнора: “Сурияга қайтишни умуман хоҳламайман”
Гулнора қайтиш эҳтимоли ҳақида ўз фикрини очиқ айтди:
“У ерга қайтишни хохламайман. У ер алдамачи. Одамлар ҳар хил ният билан борган — кимдир хотин устига хотин олиш учун, кимдир мол учун. Ўғлимни ярадор ҳолда кўриб, у ерда қолдирганман. Буни яна бошдан кечиришни истамайман.”
Болаларнинг оғир тақдири: реабилитация тугагани йўқ
Сурия ва Ироқдан қайтган болаларнинг оғир руҳий ҳолати алоҳида масала. Психолог айтади:
“Реабилитация тугамаган. Бу болаларнинг рухий жараёнлари қийин кечмоқда.”




