Жанубий Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди. Унинг айтишича, Ўзбекистон Кореянинг Марказий Осиёдаги ягона стратегик шеригидир.
“Биз Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этамиз”,
Юн Сок Ёль.
Унинг айтишича, мамлакатнинг юқори ўсиш салоҳиятига эга бозори, катта миқдордаги ишчи кучи ва геосиёсий аҳамияти уни халқаро компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритиш учун жуда жозибадор маконга айлантирмоқда.
Шунингдек, у ўз мамлакатини Ўзбекистон билан таққослар экан, ҳар икки мамлакат дунёга очилиш орқали мана шундай ютуқларга эришаётганини билдирди.
“Бир пайтлар мутлақ қашшоқ мамлакат бўлган Корея Республикаси ташқи дунёга очилиш, иқтисодиётини либераллаштириш ва халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда коррупсияга қарши курашиш орқали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришди. Ушбу тажрибага асосланиб, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда бундан кейин ҳам республикани ижтимоий-иқтисодий ва демократик ривожлантиришда мамлакатингиз билан алоҳида стратегик шерик сифатида яқиндан ҳамкорлик қилади”,
деди у.
Жанубий Корея турли соҳаларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, муҳим фойдали қазилмалар, таъминот занжирлари, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат, таълим, рақамлаштириш, фан ва технологиялар, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида.
“Корея Республикаси билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашиши учун халқларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстликка асосланган гуманитар ва маданий алмашинувларни янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон халқи ҳам Корея Республикасига нисбатан илиқ ва эзгу муносабатда”,
дея ўз нутқини якунлаган Юн Сок Ёль.