Ўзбекистонлик дипломатлар Буюк Британия бизнес ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи Луис Колвелл билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзолиги ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
26−29 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган ЖСТга аъзо давлатлар вазирларининг 13-учрашуви доирасида Британия вакиллари уч давлат — Япония, Исроил ва Доминикан Республикаси билан бозорга кириш протоколларини имзолаган. Қолаверса, Таиланд билан ҳам музокаралар якунланган.
Шундан сўнг Британия томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги қадамларини олқишлаб, бу йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон экспортини ошириш мақсадида мамлакат тадбиркорлари ва британиялик экспертлар иштирокида вебинар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун шу пайтга қадар 11 та давлат рози бўлган. Эндиликда яна 153 та давлатнинг розилиги керак.