АҚШ Савдо вакили Кетрин Тай 11-12 июнь кунлари Тошкентга келади. Бу ҳақда АҚШ Аргентина Савдо ва инвестициялар бўйича кенгаш баёнотида маълум қилинди.
Унга кўра, АҚШ Савдо вакили Кетрин Тай Ўзбекистонда бир қатор расмий учрашувлар ўтказади. Жорий йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Президентнинг биринчи ёрдамчиси Саида Мирзиёева, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев. Сармоя, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Бандлик ва қашшоқликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаев билан музокаралар олиб боради. Аммо учрашув ва музокараларнинг барчаси матбуот учун ёпиқ шаклда ўтказилади.
12 июнь куни эса Тай Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан шаҳарнинг тарихий жойларига ташриф буюради. Бу учрашув ҳам матбуот учун ёпиқ.
“13 июнь куни Қозоғистонга ташриф буюради ва Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон расмийлари иштирокида АҚШ – Марказий Осиё савдо ва сармоя келишувига (TIFA) кенгашига ҳам раислик қилади”, — дейилади хабарда.
“World Trade Online” нашрининг ёзишича, Тайнинг ташрифи минтақада савдо ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиради.
“Тайнинг ташрифи Марказий Осиё минтақасидаги савдо ва сармоявий алоқаларимизни ошириш бўйича давом эттираётган саъй-ҳаракатларимизнинг бир қисмидир”, — деган Савдо ва инвестициялар бўйича матбуот котиби “Inside US Tade” нашрига.