Бугун сўм долларга нисбатан 50 сўм атрофида мустаҳкамланиши прогноз қилинмоқда. Кеча ҳам сўм доллар ва бошқа валютага нисбатан сезиларли мустаҳкамланган эди. Май ойида ўртача курс (доллар) 0,2 фоизга мустаҳкамланган. Йил бошидан буён эса (январдаги ўртача курсга нисбатан) 0,3 фоизга мустаҳкамланган.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, бу тенденцияга қатор омиллар таъсир кўрсатмоқда:
✔️Глобал тенденциялар
Трамп АҚШда президент сифатида иш бошлагандан кейин глобал иқтисодий барқарорлик бўйича ноаниқликлар кучайди. Хусусан, бир неча бор эълон қилинган ва вақтинча тўхтатилган савдо урушлари, Россия-Украина масаласида Россия томони қўллаб-қувватланиши (сўнгги кунларда бу тренд орқага кетаяпти) ва бошқа кўплаб ноаниқликлар юзага келди. Натижада инвесторларнинг АҚШ иқтисодиёти бўйича кутилмалари ёмонлашди. Бу эса фонд бозорлари ҳамда валюта бозорига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Хусусан, йил бошидан буён (ўртача эмас) доллар индекси 9 фоиздан кўпроқ қадрини йўқотди. Яъни сўнгги 4–5 ойдаги глобал тенденцияларга қараб, долларнинг умумий қадрсизланиш тенденцияси кузатилмоқда.
✔️Олтин нархи, ташқи савдо, захиралар
Глобал ноаниқликлар шароитида олтин нархининг кескин ўсиши кузатилди. Хусусан, ўтган йил декабри билан таққослаганда олтин нархи 24 фоизга ошган. Мамлакатимиз эса йирик олтин экспортёри ҳамда захираларимизда олтиннинг ўрни жудаям катта ҳисобланади. Жумладан, олтин нархи ўсиши фонида захиралар ҳажми йил бошига нисбатан қарийб 20 фоизга ўсиб, 49,2 млрд долларга етди. Захираларнинг ўсиши эса ўз-ўзидан Марказий банкда валюта бозорига таъсир қилиш учун кўпроқ имконият яратади. Шунингдек, юқори олтин нархи фонида экспорт юқори суръатларда ўсмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 4 ойида экспорт ҳажми 12 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35,1 фоизга ошди. Олтин экспорти эса 62,3 фоизга ўсиб, 5,6 млрд долларға етди. Экспортнинг бундай юқори ўсиши фонида ташқи савдо дефицити –846 млн долларни ташкил этди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сўнгги уч ойда ойлик ташқи савдомиз профицитда. Ойлик ташқи савдонинг профицитда бўлиши эса, табиийки, миллий валютамиз учун қулай шарт-шароит яратади.
✔️Пул ўтказмалари
АҚШ-Россия муносабатларидаги кескин бурилиш рублнинг сезиларли мустаҳкамланишига сабаб бўлди. Хусусан, рубл февраль ва март ойларида долларга нисбатан мос равишда 7,2 ҳамда 7,6 фоизга мустаҳкамланди. Рублнинг мустаҳкамланиши эса ўз навбатида пул ўтказмаларининг ўсишини тезлаштирди. Жорий йилнинг биринчи чорагида пул ўтказмалари ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ошган.




