Ўзбекистоннинг таълим сифатини баҳоловчи PISA-2025 халқаро тадқиқотида иштирок этиши атрофида жамоатчилик муҳокамаси юзага келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, тадқиқотда мамлакатдаги барча 14 та Президент мактаби иштирок этган. Бу эса натижаларнинг холислиги ва репрезентативлигига нисбатан шубҳалар уйғотди.
«0,04% билан бутун тизимни ифода этиш мумкинми?»
Педагог ва ўқув дастури муаллифларидан бири Шокир Турсун бу ҳолатни «натижаларни сунъий яхшилаш уриниши» сифатида баҳолади. Унга кўра, Президент мактаблари ўқувчилари мамлакатдаги умумий ўқувчиларнинг 0,04 фоизинигина ташкил этади. Шу сабабли уларни тўлиқ тадқиқотга жалб этиш статистик холислик ва PISAнинг мақсадларига зид бўлиши мумкин.
Мутахассис Комил Жалилов ҳам бу танловдаги мувозанатсизликка эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Президент мактаблари – шарт-шароитлари, молиявий таъминоти, ўқув дастури ва мураббийлар сифати бўйича республикадаги кўпчилик мактаблардан тубдан фарқ қилади. Шу боис, улар натижалар асосида умумий таҳлил чиқариш нотўғри йўналишларга олиб бориши мумкин.
Вазирлик нима дейди?
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова ижтимоий тармоқлардаги саволларга жавобан, PISA учун мактаблар OECD томонидан танлаб олинишини маълум қилди ва: “Вазирликка кўзбўямачилик эмас, ҳаққоний таҳлил керак”, — дея таъкидлади. Бироқ, у Президент мактаблари ҳақидаги даъволарни очиқ тасдиқламади ҳам, рад этмади ҳам.
Жамоатчилик ва экспертлар вазирликдан PISA тадқиқотида иштирок этган мактаблар рўйхатини очиқ эълон қилишни талаб қилмоқда. Молиявий таҳлилчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, “ишончсизликни бартараф этишнинг энг яхши усули — маълумотларни ошкора тақдим этишдир”.
PISAнинг моҳияти ва муаммолар
PISA — бу тест эмас, балки халқаро миқёсдаги илмий тадқиқот бўлиб, 15 ёшли ўқувчиларнинг функционал саводхонлигини (ўқиш, математика, табиий фанлар ва ижодий фикрлаш) баҳолайди. Методологияга кўра, мактаблар ва ўқувчилар репрезентатив танлов асосида, икки босқичли стратификация билан танлаб олинади.
Бироқ, агар танловда муайян имтиёзли мактаблар сони номутаносиб даражада кўп бўлса, бу натижаларнинг холислигига путур етказиши мумкин. Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган PISA тадқиқотига илк бор 2022 йилда қўшилган. Тадқиқот давомида саводхонликнинг учта йўналиши: ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича 80 дан ортиқ давлатдан бўлган 15 ёшдаги ўқувчиларнинг кўникмалари ва билимларидан фойдаланиш қобилияти баҳоланган. 2022 йилги тадқиқотда Ўзбекистон сўнгги ўнталикдан ўрин олган, бу эса таълим тизимидаги жиддий муаммолардан дарак берганди.
Бу бизда оғриқли, «катта»лар таъбири билан айтганда «уятли» қабул қилинган бўлиши мумкин. Лекин халқаро ташкилотлар натижалар орқали муаммоларни аниқлаш имкони юзага келганини айтганди. «Ўзбекистонни баҳолаш натижалари паст бўлганига қарамай, ушбу тажриба мактаб таълими тизимидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини яхшилаш йўлида ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича ишларни бошлаш имконини берди», дея қайд этди Жаҳон банки экспертлари.
Бу йилги «махсус» тайёргарлик ва президент топшириғи
PISAнинг 2022 натижалари Ўзбекистонда таълим сифатини яхшилаш зарурлигини кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёев бу натижаларни таҳлил қилиб, таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришни буюрди.
2024 йил 5 февралдаги видеоселектор йиғилишида Президент Мирзиёев 2022 йилдаги PISA натижалари бўйича Ўзбекистоннинг математика, ўқиш ва табиий фанлар соҳаларида паст кўрсаткичларга эга бўлганини таъкидлади. Ушбу ҳолат таълим тизимида жиддий ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатади. Президент 2024 йилда мактаб ва ўрта таълимга 46 трлн сўм маблағ ажратилишини маълум қилди, аммо бу натижаларни яхшилаш учун етарли эмаслигини қайд этди. Бу маблағ ислоҳот учун ажратилган, баҳолаш натижаларини яхши деб кўрсатиш учун эмас.
PISA натижаларини яхшилаш учун ажратилган маблағлар
PISA 2022 тадқиқотини ўтказиш ва 2025 йилдаги тадқиқотга тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистондаги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Болаларни эрта ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Жаҳон банки томонидан 73,85 миллион доллар молиявий ёрдам ажратилган. Лойиҳа миллий мактабгача таълим тизимини яхшилаш ва PISA 2025 тадқиқотига тайёргарликни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Хулоса
PISA натижаларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасига катта маблағлар ажратмоқда ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу ислоҳотлар таълим сифатини ошириш ва халқаро баҳолашларда юқори натижаларга эришишга қаратилган. Мутахассислар бу натижага эришиш учун атайин уюштирилган «яхши» маълумотлар эмас, таълим ислоҳотларида реал ҳолатни акс эттирувчи таҳлиллар ва очиқ маълумотлар асосида ҳаракат қилишни таъкидлашмоқда. Агар PISA натижалари орқали сиёсий ёки статистик имидж яратиш мақсад қилинса, бу реал ислоҳотларга тўсиқ бўлиши мумкин.




