Президент Шавкат Мирзиёевга кичик бизнес субъектлари учун иқтисодий ва маъмурий шароитларни енгиллаштиришга қаратилган янги таклифлар тақдим этилди. Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан киритилган лойиҳалардан бири соддалаштирилган солиқ режимида ишлаш бўйича йиллик тушум чегарасини 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга ошириш таклифи бўлди.
Ҳозир амалдаги тартибга кўра, ушбу чегарадан ошган тадбиркорлар ҚҚС ва фойда солиғи тўлаш тизимига ўтади.
Маълум қилинишича, 2019 йилда белгиланган 1 миллиард сўмлик чегара ҳозирги инфляция ва нархлар ўсиши шароитида бизнес учун тўсиққа айланган. Натижада айрим тадбиркорлар айланмани яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни сунъий равишда бир нечта субъектга бўлиш амалиётига ўтаётгани қайд этилди.
Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҚҚС тўлашнинг янги ихтиёрий тартиби таклиф қилинди. Унга кўра тадбиркорлар 6 фоизлик ҚҚС ставкасида ишлаши, бунда фойда солиғидан озод қилиниши ёки амалдаги умумий тизимда қолиши мумкин бўлади.
Тақдимотда ҚҚС маъмуриятчилигини енгиллаштириш бўйича ҳам қатор таклифлар билдирилди:
– паст хавфли тадбиркорларга ҚҚСнинг салбий фарқини автоматик қайтариш;
– ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиш амалиётини бекор қилиш;
– импорт бўйича мажбурий ҚҚСга ўтиш тартибини қайта кўриб чиқиш;
– банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш.
Кичик бизнесга нисбатан солиқ босимини камайтириш учун:
– тадбиркорнинг хатони мустақил тузатишига имконият бериш;
– солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлса аудит ўтказмаслик;
– 100 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда сайёр текширув тайинламаслик таклиф қилинди.
Умумий овқатланиш ва меҳмонхона соҳаси учун ҳам қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд пулда сотишга рухсат бериш, ҚҚС қайтаришда нақд пулсиз тушум бўйича талабни бекор қилиш, айрим ходимларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш таклиф этилди.
Расмий маълумотга кўра, ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектининг қонуний ўсишига хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, солиқ базаси шаффофлашиши ҳисобига бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум келиши прогноз қилинмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X




