11 октябрь куни бешта сиёсий партия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги теледебат кўп жиҳатлари билан ажралиб турди.
Уни кузатиб борган экспертлар сиёсий мунозаралар энг юқори паллага етганини айтишмоқда. Сиёсатшунослик фанлари доктори профессор Сайфиддин Жўраев ҳам буни алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, ўтган галги баҳслардан фарқли ўлароқ, бу сафар дебатларда Экологик партиянинг фаоллашганини сезиш мумкин бўлди.
Жўраевнинг фикрича, бошловчининг саволларни тўғри қўйиши, номзодлар фаоллиги, айниқса, уларни саволларга дадил ва асосли жавоб бериши билан теледебатлар жонли таъсурот қолдирган.
Шунингдек мутахассислар мавзу нафақат сайловчилар, балки аҳоли учун жуда долзарблиги билан қизиқиш уйғотганини қайд этишмоқда.
Шу ўринда, спикерлар чиқишларининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак.

ХДП спикери А. Темиров теледебатнинг биринчи раундида партия Сайловолди дастурида миллий иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш каби муҳим масалаларга тўхталди. Стратегик компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш лозимлигига тўхталиб ўтди.

“Адолат” СДП спикери Б.Тўхтамуродов ўз чиқишида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар ва яхши турмуш шароитлари яратиш учун яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида жамоатчиликнинг рақамли иқтисодиёт борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш, фуқароларни кибер ҳужумлар оқибатида моддий зарар кўриш ҳолатлари бўйича банк муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг масъулиятини ошириш масалаларига тўхталди.

ЎзЛиДеП спикери А.Аслонов барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг самарали ечимларига тўхталди. Келгуси беш йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг долларга етказиш, тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш борасида зарур чораларни кўриш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

“Миллий тикланиш” спикери Н.Тилаволдиев эса партия “Қадриятларга таянган тараққиёт”ни ўзининг бош шиори деб ҳисоблаган ҳолда миллий қадриятларимиз ва замонавий тараққиётни бир-бирига уйғун ҳолда қўллаб-қувватлаш орқали илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришда маҳаллий хом ашёдан самарали фойдаланиш, аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш, миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш, туризмни комплекс ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Экопартия спикери М.Ходжаева барқарор ривожланиш йўлида келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали яшил иқтисодиётга ўтиш, инсон ва табиат уйғунлиги устувор бўлган барқарор жамиятни барпо этиш учун яшил ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур дебатнинг ўзига хос яна бир муҳим жиҳати аҳоли томонидан ижтимоий тармоқлар ҳамда махсус бот орқали берган саволларига депутатликка номзодларнинг тўғридан – тўғри жавоб бериши бўлди. Берилган саволлар ҳозирги кунда аҳолини қизиқтираётган ижтимоий муаммолар ҳамда келгуси 5 йилликда партия томонидан айрим масалалар бўйича мақсадлари тўғрисида бўлди.
Хулоса сифатида айнан сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ бўлиб ўтган мазкур теледебат сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат кучайиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Унда барча спикерларнинг иқтисодиёт ва бизнес борасидаги таклифлари аниқ рақамлар орқали асослаб берилди.




