Президент Шавкат Мирзиёев бугун хорижий давлатлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, халқаро молия институтлари ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Кун дастури Албания Республикаси Президенти Байрам Бегайни “Кўксарой” қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Албания муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, агросаноат, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида кооперация дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий янгиликлардан бири — Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқаришда Албаниянинг Дуррес портидан логистика хаби сифатида фойдаланиш имконияти ўрганилади.
Шунингдек, Ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкентда ўтказишга келишилди.
Кун давомида давлат раҳбари АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бен Блек билан ҳам учрашди. Унда инфратузилма, муҳим минераллар, энергетика, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Президент АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан ҳам учрашув ўтказди. Унда “Air Products”, “Boeing”, “BlackRock”, “Visa”, “JP Morgan”, “Meta” ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев алоҳида тартибда “Air Products” компанияси бош ижрочи директори Эдуардо Менезесни ҳам қабул қилди. Компаниянинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари 1 миллиард доллардан ошгани қайд этилди.
Кун тартибида минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам бўлди. Президент Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун келган Озарбайжон Бош вазири Али Асадовни қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми йил бошидан буён 40 фоизга ошгани таъкидланди.
Шунингдек, Беларусь Бош вазири Александр Турчин билан учрашувда савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Беларусь билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 32 фоизга ортгани маълум қилинди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — Президент администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев билан учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода билан мулоқотда энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари муҳокама қилинди.
Кун якунида Президент Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустинни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон — Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, энергетика, металлургия ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларидаги йирик лойиҳаларни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Россия билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 20 фоизга ошгани қайд этилди.
Куннинг яна бир учрашуви Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан бўлди. Пойтахтимизда тўхтаб ўтган Малайзия ҳукумати раҳбари билан мулоқотда икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш масалалари кўриб чиқилди. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошгани, қўшма корхоналар сони 50 тага етгани таъкидланди.












