Олий суд судьяларининг ҳаракатидан норози фуқаро аслида кимга шикоят қилиши керак ва Раззоқов каби идорама-идора юриб жавоб излаётганлар яна қанча?
2013 йилда судланган Мамадали Раззоқов ўзини ноҳақ қамалган деб ҳисоблайди. У 2025 йилда Олий судга тафтиш шикояти билан мурожаат қилиб, ҳукмга қарши 14 та важ келтирган, аммо судьялар уларга тегишлича ҳуқуқий баҳо бермаганини даъво қилмоқда. Шундан сўнг у судьяларнинг ҳаракатларидан шикоят қилиб Судьялар олий кенгаши, Сенат ва малака ҳайъатига мурожаат қилган. Бироқ Раззоқовнинг айтишича, мурожаатлари бир идорадан бошқасига йўналтирилмоқда.
Мамадали Раззоқовнинг айтишича, унинг 2013 йилдаги жиноят иши ҳукми 2025 йил октябрь–декабрь ойларида Олий судда тафтиш тартибида кўриб чиқилган. У ноҳақ қамплганини даъво қилмоқда.
У тафтиш шикоятида 14 та важ келтирган, аммо судьялар уларни тегишлича текширмаган ва ҳар бирига ҳуқуқий баҳо бермаганини айтмоқда.
Раззоқов келтирган важлар орасида тергов жараёнида адвокатнинг амалда иштирок этмагани, бироқ ҳужжатларда унинг иштирокини тасдиқловчи имзо мавжудлиги ҳақидаги даъво бор. Яна бир важ оператив тадбир ва қўлга олиш жараёнига оид видеоматериал мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.
Фуқаро тафтиш инстанцияси судьялари ушбу важларни ўз вақтида ва тегишлича кўриб чиқмаган, деб ҳисоблаб, уларнинг ҳаракатларига интизомий баҳо берилишини талаб қилмоқда.
Шу мақсадда у Судьялар олий кенгашига бир неча марта мурожаат қилганини айтмоқда. Кейинчалик Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича тегишли қўмитасига ҳам ариза берган. Раззоқовнинг сўзларига кўра, Сенатда Эшмуродов қабул қилган мурожаат Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровга юборилган.
Раззоқов Ёдгоровнинг ҳаракатлари устидан ҳам шикоят қилганидан кейин Кенгаш раиси уни қабул қилганини айтмоқда.
Фуқаронинг таъкидлашича, қабулда Холмўмин Ёдгоров «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 66-моддасига таяниб, унинг аризасини кўриб чиқа олмаслигини билдирган. Раззоқов эса суд жараёни аллақачон тугаганини, у суд ишига аралашишни эмас, ишни кўрган судьяларнинг (А. Асроров, Ф.Турсунов, С. Тўғонов олий суд судялари) ҳаракатларига интизомий баҳо берилишини сўраётганини билдирган.
Малака ҳайъати ҳам Раёсатга йўналтирган
Раззоқов 2026 йилда судьялар малака ҳайъатига ҳам мурожаат қилганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳайъат раҳбари номига ариза қолдирган.
Бироқ фуқарога, агар у суд қароридан норози бўлса, масалани Раёсат тартибида кўтариш лозимлиги тушунтирилган.
Раззоқов эса унинг мурожаати фақат суд қароридан норозилик эмаслигини таъкидламоқда. Унинг асосий талаби — тафтиш шикоятида келтирилган 14 та важни судьялар нега тегишлича кўриб чиқмаганига баҳо бериш ва, қонунбузилиш аниқланган тақдирда, судьяларга нисбатан интизомий чора кўриш.
Шу билан бирга, Раззоқов тафтиш инстанцияси суд ҳужжати ҳам бекор қилинишини сўрамоқда.
Агар фуқаро суд қарорининг мазмунидан эмас, судья унинг важларини кўриб чиқмаганидан шикоят қилса, бу мурожаатни ким ва қайси тартибда текшириши керак?
Нега бу жараёнда Раззоқов эшикма-эшик юриб сарсон бўлмоқда. Яна Раззоқовга ўхшаганлар қанча?




