Тошкентда Марказий банк томонидан журналист ва блогерлар билан ўтказилган мулоқот чоғида халқаро захираларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбатда мамлакат захираларида криптовалюта масаласи ҳам тилга олинди.
«Кафолатланган активларга эътибор қаратилган»
Марказий Банк департаменти директори Санжар Валиевнинг маълум қилишича, мамлакат захиралари таркибида криптовалюта мавжуд эмас.
— «Криптовалюта ўта ўзгарувчан бўлгани учун ҳозирча захираларга қўшилмаган. Биз кафолатланган активларга — валюта, тилла ва бошқа қимматли қоғозларга эътибор қаратганмиз», — деди у.
Мутасаддининг айтишича, криптовалюта қиймати баъзи ҳолларда қисқа вақт ичида ярмигача пасайиб кетган. Шу боис Марказий банк бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Халқаро тажриба ва эҳтиёткорлик
Валиев таъкидлаганидек, фақат Ўзбекистон эмас, балки кўплаб мамлакатлар марказий банклари ҳам бу масалада жиддий ўйлаяпти. Чунки ҳозирча криптовалюта давлат захиралари учун барқарор ва ишончли восита сифатида қабул қилинмаган.
Миллий ташаббуслар ва қарама-қарши қарашлар
Марказий банк эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб турган бир пайтда, мамлакатдаги бошқа тузилмалар крипто-активлар соҳасида ташаббуслар билан чиқишмоқда.
2024 йил март ойида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Tether компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолагани эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда крипто-активлар ва блокчейн инфратузилмаси соҳасини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш ва ҳатто миллий криптовалюта ишлаб чиқиш масаласи ҳам назарда тутилган.
Саволлар очиқ қолмоқда
Uzdiplomat.uz мухбири Марказий банк вакилидан Ўзбекистондаги криптовалютанинг молиявий кафолати ҳақида сўраганида, мутасадди:
— «Бизда аллақачон ишлаб чиқарила бошланди. Лекин унинг кафолати изоҳини ишлаб чиқарувчилардан сўраш керак», — дея жавоб қайтарди.
Бу эса мамлакат молиявий сиёсатининг муҳим йўналишида ҳануз кўп саволлар очиқ қолганини кўрсатади. Бир тарафдан, давлатнинг айрим институтлари криптовалюта технологияларини синовдан ўтказиш ва жорий этишга ҳаракат қилмоқда, иккинчи тарафдан эса Марказий банк эҳтиёткор позицияда турибди.




