Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматчилари хизмат транспортида юришини кескин қисқартириб, миллий автомобилга ўтиш зарурлигини қайд этган эди.
Бюджет ташкилоти бўлган прокуратуранинг автомобил сотиб олиш ҳужжатлари яширин сақланмоқда. Бюджет пулига автомобил сотиб олиш шунчалар махфий ишми?
Тошкент вилояти прокуратураси 28 август санасида “Astana motors” хорижий компанияси билан тендерсиз 1 млрд сўмдан ортиқ миқдорли тўғридан-тўғри шартнома тузган. Шартнома тафсилотлари эса давлат харидлари порталида яширилган. Ҳужжатдаги маблағ миқдори 1 333 500 000 сўм.

“Astana motors” Ўзбекистон давлат ташкилотларига BYD автомобилини сотиш бўйича энг кўп шартнома тузган компаниялардан бири ҳисобланади. Айнан август ойида Инвестиция ва савдо саноат вазирлиги ҳам мазкур компания билан иккита алоҳида шундай шартнома тузган. Шартномага кўра вазирлик 2 та BYD русумли автомобилини сотиб олиши кўзланган.

Шунингдек, Навоий вилояти прокуратураси ҳам янги автомобиллар билан савдо қилувчи A-AUTOZONE МЧЖ билан тўғридан-тўғри тендерсиз амалга оширган 402 500 000 сўмлик шартномаси тафсилотини яшириб қўйган.
Президент Шавкат Мирзиёев хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобилга ўтиш зарурлигини қайд этган эди. Бу ҳақда Давлат раҳбари шу йили Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида гапирганди.

“ASTANA MOTORS COMPANY” хорижий фирма бўлиб, Сингапурда регистрациядан ўтган A. G. OVERSEAS PTE. LTD компаниясига тегишли. Мазкур фирманинг бенефициарлари яширилган. Ушбу компания 2022 — 2025 йилларда Ўзбекистон ҳукумати энг кўп автомобил сотиб олган хорижий компаниялардан ҳисобланади.
Ўйлаймизки, қонунларни, Президент топшириқларини ҳурмат билан бажарадиган Бош прокуратура ушбу маълумотлар бўйича ҳам ўз муносабатини билдиради.




