Афғонистондаги сув тошқини қурбонлари учун Ўзбекистондан 200 тонна озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда ToloNews ёзмоқда.
Унга кўра, бугун, 21 май куни гуманитар ёрдам Ҳайратон портига етиб келган ва Афғонистон муваққат ҳукумати вакилларига топширилган.
Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевга кўра эса бу ёрдамга озиқ-овқат маҳсулотлари ва чодирлар киради.
Муваққат ҳукумат вакиллари ҳам ушбу ёрдамни жабрланганларга ўз вақтида етказишга ваъда беришган.
Маълумот учун, апрель ойида ҳам Ўзбекистон Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатган эди. Унинг умумий ҳажми 169 тонна бўлиб, 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 минг литр ўсимлик ёғи, 10 минг дона гўшт консерваси, 24 тонна шакар ва 22 тонна макарон маҳсулотлари, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон ўрамларидан иборат бўлган.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/photo-2024-05-21-16-21-59.jpg)