Яқин келажакда Туркий давлатлар ҳам НАТОга монанд ҳарбий ташкилотга асос солиши мумкинми?
Жорий йилнинг июль ойида Қозоғистонда “Бирлестик 2024” ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Озарбайжон давлатларининг ҳарбийлари ҳам машғулот ўташи кутилмоқда. Бу ҳарбий машғулотлар “Турон армияси” ҳақидаги тахминларнинг ҳақиқатга айланаётганини англатадими? Uzdiplomat.uz мухбири мазкур саволларга сиёсий шарҳловчи Абдували Соибназаров билан жавоб излади.
“Бу ташаббус кўпроқ Туркия давлати томонидан илгари сурилган. Чунки, давлатнинг таъсири 2016-2017 йиллардан бошлаб, Марказий Осиёда кучайган. Бунинг сабаби Ўзбекистоннинг очиқлик ва прагматик сиёсати ҳамда дунёнинг барча мамлакатлари билан яқинлиги Ўрта Осиёда ўз мавқеини кучайтира бошлаши билан изоҳланади. Шундан кейин, Турон армияси ҳақида турли фикрлар журналист ва экспертлар томонидан бўрттириб кўрсатилди”, – дейди сиёсий шарҳловчи.
Шунингдек, у Туркия олдин ҳам Турон армиясини ташкил этиш ташаббуси билан чиққанини, аммо мамлакат НАТО ташкилотига аъзо бўлгани учун буни амалга ошиши қийин эканлигини айтади.
“Туркия олдин ҳам Турон армиясини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан, аммо бу ғоя ҳозиргача қотиб қолган. Сабаби Туркия НАТО ташкилотининг энг муҳим аъзоларидан бири”, – дейди сиёсий шарҳловчи.
Шунингдек, Абдували Соибназаров Украинадаги вазият туфайли Марказий Осиё давлатларида ҳам бир мунча хавотир ошганлиги ҳақида ҳам тўхталди.
“Украинадаги вазият туфайли Марказий Осиё давлатларида бирмунча хавотир ошган. Яъни давлатларнинг мустақиллигига хавф бор. Айниқса, Қозоғистон, чунки Россия телевидениеларида жуда кўп сиёсатчилар чиқиш қилиб, давлатнинг шимоли бизнинг ҳудудимиз деган даъволарни илгари суряптилар”,-деди у.
Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларининг Ҳарбий ўқув машқларини ўтказишдан мақсад Каспий денгизи бўйи ва Ўрта денгиз йўлагининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлигидадир.
“Марказий Осиё давлатларининг Ҳарбий ўқув машқларини ўтказишдан мақсад Ўрта денгиз транспорт йўлини ривожлантиришдир. Чунки бу ҳудуд Хитойдан тортиб Марказий Осиё, Кавказдан, Европа Иттифоқигача бўлган ҳудудни қамраб олади. Шунинг учун Марказий Осиё давлатларининг эътибори кўпроқ Каспий денгиз ва Ўрта ер денгизи бўйи йўлакнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ”,-деди сиёсий шарҳловчи.
Турон армияси деган йирик ҳарбий ташкилотнинг юзага келиш эҳтиёжи, Қозоғистоннинг шимолдаги қўшнисидан ҳайиқишидан даракми?
Бу саволга жавоб берган Абдували Соибназаровнинг фикрича, Қозоғистонда хавотир ҳам, бундай армияга эҳтиёж ҳам бор. Чунки Марказий Осиё давлатлари сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда бирлаша олсалар -бу катта ютуқ. Аммо Евроосиё иттифоқи билан бир вақтлар Марказий Осиё иқтисодий иттифоқи ёки Марказий Осиё ҳамжамияти деган иттифоқлар бор эди. Ҳозирда улардан фақат биттаси қолди. Россия бор экан, Турон номли давлатга бирлашишнинг имкони йўқ. Россия Марказий Осиё давлатларини ўзининг стратегик ҳаётий манфаатлар ҳудуди деб билади. Айтиш керакки, Тожикистонда Россиянинг ҳарбий базалари бор. Қирғизистонда 20 дан ортиқ турли кичик-кичик базалар бор. Қозоғистонда ҳам Россиянинг иштироки мавжуд. Фақат Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири сусаядиган бўлса, ана ўшанда имконият бўлиши мумкин.
Суҳбат давомида Озарбайжон ҳарбий соҳада фаоллашаётгани сабаблари хусусида ҳам изоҳ берилди.
“Озарбайжоннинг сўнгги вақтларда фаоллигига сабаб, унинг НАТО давлатлари билан муносабатларини чигаллашишида. Давлатнинг Франция билан кўп жанжаллашган ҳолатлар бўляпти. шунингдек, Арманистон масаласи бўйича низолар юз беряпти, Франциянинг Арманистонга қурол-яроғ етказиб бериш ҳолатлари жуда кучайиб боряпти. Озарбайжон НАТОнинг аъзоси бўлса ҳам Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини ёки ҳарбий соҳадаги барча алоқаларни ривожлантиришга интиляпти. Унинг ғарб билан муносабатларига бирмунча путур етган», дейди Соибназаров.
Марказий Осиё давлатлари Турон армиясига бирлашса, буни НАТОга қиёслаш қанчалик тўғри? Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ҳарбий салоҳиятига қандай? Суҳбат давомида бу саволларга ҳам жавоб оласиз.
Батафсил видеода кўринг: