2024 йилда жами ялпи ташқи қарз ҳажми 10,8 млрд долларга ошиб , 64,1 млрд долларга етган.
Бу рақамлар сўнгги 5 йилда ялпи ташқи қарз ҳажми қарийб 2 баробарга ошганини кўрсатади.
Бунда корпоратив қарз ўсиши муҳим рол ўйнаган. Тўлов балансига кўра, 2024 йилда ташқи қарз учун умумий фоиз тўловлари 3,3 млрд долларга етган.
Ташқи қарз бўйича тўловларнинг ўсиши иккита омил билан изоҳланади. Биринчи, ташқи қарз ҳажми сўнгги йилларда юқори суръатларда ўсган бўлса, иккинчидан йирик иқтисодиётларда юқори инфляция сабаб фоиз ставкалари кескин оширилди.
Яъни сўнгги йилларда қарз жалб қилиш қиммат бўлиши билан бирга, мавжуд қарз таркибидаги ўзгарувчан фоиз ставкали қарз қисми учун ҳам фоиз тўловлар кескин ошди. Хусусан, давлат қарзининг тахминан 40 фоизи ўзгарувчан фоиз ставкасида жалб қилган.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг изоҳлашича, бозор ставкаси (6 ойлик SOFR) 2021 йилда (йиллик ўртача) 0,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб 5,3 фоизга етган. Фоиз ставкасидаги бундай юқори ўсиши табиийки қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари кескин ўсишига олиб келади.
«Умуман олганда, жорий йилда фоиз ставкаларининг пасайиши прогноз қилинган эди, лекин ҳозирги глобал ноаниқликлар фонида бу тенденция орқага сурилиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ҳозирги юқори қарз жалб қилиш фонида қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг сўнгги йиллардаги каби юқори суръатларда ўсишда давом этишига сабаб бўлиши мумкин», деб ёзади у.
2024 йилда ташқи қарз учун фоиз тўловлар 33 фоизга ёки қарийб 805 млн долларга ошган. 2023 йилда эса ташқи қарз учун фоиз тўловлар қарийб 2 баробарга (ёки 1,1 млрд доллар) ошган эди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ташқи қарзнинг ўсиш динамикасига эътибор қаратди.
«2024 йилда ялпи ташқи қарзнинг ўсиши мутлақо тарихий рекорд ҳисобланади. Солиштириш учун, Ўзбекистон янги даврни 14,7 млрд.долларлик ташқи қарз билан бошлаганди (8 йилда 4,4 карра ўсиш), деб ёзади у.
Иқтисодчининг қайд этишича, кейинги йилларда давлат ташқи қарзи ўсиши бироз секинлашгани фонида, корпоратив дейилган хусусий қарзнинг ўсиши кескин тезлашгани эътиборли.
Ўзбекистонда корпоратив қарз аслида давлат банклари ва компаниялари томонидан жалб қилинмоқда. Жалб қилинган қарзлар йўналтирилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва истиқболда қарзга хизмат кўрсатиш даражасида етарли пул оқимларини генерация қила олиши сўроқ остига олинаётгани ва текширувлардан ўтказилаётгани йўқ.
«Айнан юқори даражада ўсган ташқи қарз оқимига қарамай, ясалган лойиҳалар кутилган натижа ва самара бермагани энергетикада таннархнинг тинимсиз шиширилишига олиб келганидан, афсуски, хулосалар чиқарилгани йўқ», дейди у.
S&P рейтинг агентлиги умумий ташқи қарз ва давлат қарзининг юқори суръатлар билан ўсиши, ташқи қарз ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича кутилаётган натижаларга эришилмаслиги туфайли фискал ва тўлов баланси бўйича хатарлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Бакиров Марказий банк 2022 йилдан буён биринчи марта ялпи ташқи қарз динамикасини очиқлай бошлаганини эътироф этган.




