Хитой Ўзбекистонга 10 млрд АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган
Хитой капитали иштирокида Ўзбекистонда 3 357 та корхона фаолият юритмоқда
2024 йил якунига келиб, Хитойнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошиб кетди, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса 13,1 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар беради Trend.
Бу ютуқлар Тошкентда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбек-Хитой бизнес форуми доирасида эътироф этилди.
Форум икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни ривожлантириш ва савдо ҳажмини ошириш йўлида муҳим қадам бўлди. Унда Хитой элчиси Ю Цзюн, юқори лавозимли расмийлар ҳамда Ўзбекистон ва Хитойдан келган 400 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.
Маърузачилар Ўзбек-Хитой ҳамкорлигидаги тезкор ривожланишни таъкидлаб, Хитойнинг ҳозирда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкори эканини қайд этишди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 3 357 та корхона фаолият юритмоқда. Хитой компаниялари энергетика, енгил саноат, инфратузилмани ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва геология қидируви каби соҳаларда лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сармояларни рағбатлантиришга қаратилган қулай бизнес муҳити ҳақида маълумот берилди. Ҳукумат лойиҳаларнинг барча босқичларида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбирда Ўзбекистоннинг сармоявий ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, B2B ва B2G учрашувлари ташкил этилиб, иштирокчиларга ҳамкорлик ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва келишувларни имзолаш имконияти яратилди.
Шунингдек, 2024 йил январь-ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг Хитой билан ташқи савдо айланмаси 11,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига (2023 йил январь-ноябрь ойларида 12,2 миллиард доллар) нисбатан 8,9 фоизга камайган.
Шу давр мобайнида Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди.




