Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик), 28, 211-(пора бериш) моддаларининг тегишли қисми билан қўлга олинди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, айни пайтда Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда эса Бош прокурорнинг Сирғали туман судьясини жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.
“Якунда Кенгаш хулосаси билан Ш. А.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик билдирилди ва унинг судьялик ваколати тўхтатилди.
Тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, – дейилган расмий ахборотда.
Эслатиб ўтамиз. Шу йилнинг 5 январь куни ҳам Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг собиқ судьяси Ш.Ю.га Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган эди.