“Ишончим комилки, бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда”
«Бухоро спорт мажмуи комплекси» ичидаги 22 700 томошабин сиғимига эга ўйингоҳни бузиш ишлари бошланган. Шунингдек, янги қурилган коллеж биноси ҳам вайрон қилинмоқда.
Мутасаддилар сўзидан қайтдими?
Аввалроқ, Бухородаги стадион бошқа жойга кўчирилиши, туризм маркази айнан стадион ва унинг атрофида қурилиши маълум қилинганди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов 20 минг кишилик янги марказий стадион Бухородаги 6-микрорайон ҳудудида қурилишини айтиб, 5-6 гектар ер автотураргоҳлар учун ажратилишини маълум қилганди.
Ваҳоланки бир йил олдин жамоатчиликнинг қатъий қаршилиги вақтида ўтказилган матбуот анжумани давомида Зарипов бутунлай бошқача гап айтганди. Ва ОАВда бу сўзларга ишониб, бухороликлар фикри инобатга олинди деган сарлавҳалар билан янгиликлар бўлишилганди.
«– Стадион борасида муносабат билдирган фуқароларимизга раҳмат, дейман, бу билан бефарқ эмасликларини билдиришди. Фақат фикр билдиришда, бир-биримизни ҳурмат қилайлик. Агар лойиҳа тасдиқланиб, шариф шаҳримиз инфратузилмасини янгилаш амаллари бошланса, ҳоким сифатида, ваъда бераман, инвестор янги стадион қуриб бергандан кейингина Бухоро стадионини бузиш бошланади», – деган эди 2023 йил январда ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Ботир Зарипов.
Ундан кейин сўз олган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров ЮНEСКО рухсатисиз Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (эски шаҳар – таҳририят изоҳи) га туташ мазкур ҳудудда битта ҳам мих қоқилмаслигини айтганди.
Бузилишлар бошланмасдан олдин эса бу вадалар унутилиб, вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов Бухоро спорт мажмуаси эскиргани, юқори балкон қисми авария ҳолатида экани, кўп томошабинларни жойлаштириш хавф туғдириши ҳақида маълум қилган. Шу билан бузилишларга “добро” берилди.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоларда Бухоро» клубининг уй стадионининг 2 йил олдин янгиланган трибуналардаги ўриндиқлар синдирилаётганини кўриш мумкин.
“Потребител Бухара” каналининг маълумот беришича, Бухоронинг марказий маъмурий биноларига туташ бюджет пулига янгидан қурилган коллеж биноси ҳам бузилган. Ташландиқ ерга кўчирилган коллеж ўқитувчилари норозилигига қарамай янги бино ҳам айни дамда ана шундай кўринишда, деб ёзади канал муаллифи.
Бухоро шаҳар хокимлиги ва 100 та яқин бошқарма, бўлимлар, нодавлат ташкилотлар ва бошқалар жой олган 5 қаватли бинонинг ҳозирги кўриниши.
Бинонинг ғиштлари анча чидамли эканлиги айтилмоқда, гарчанд бино эски бўлсада хозирги қурилган бинолардан кўра мустаҳкам эканлиги эътироф этилмоқда…
Жамоатчилик фаоллари яна эътироз билдираяпти. Лекин энди фойдаси йўқ…
-Энергетикадаги шиширилган самарасиз лойиҳалар ва Бухоронинг бузилиши бир занжирнинг ҳалқалари
Мен тўғриси, билмайман, улар Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти Улуғ Бухоронинг душманларими ёки йўқми. Лекин Ишончим комилки, бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда. “Сингапурлик инвесторлар”нинг ўзбеклик ва ўзбекистонликка нафратини яширмаётгани биринчи марта эмас.
Яна Ишончим комилки, Бухорода 2024 йил 26 февраль Тошкентда 2009 йил 13 ноябрда сквердаги дарахтларни кесишнинг бошланиши каби эсда қолади ва тарихга қора саҳифа бўлиб киради.
Яна Ишончим комилки, яқин тарихимиздаги самарасиз ва зараркунанда лойиҳаларнинг ясама туристик марказлар қурилишига бевосита боғлиқлиги мавжуд ва бунда Бухоронинг бузилиши ҳам истисно эмас. Бу ҳалқалар ҳақидаги шармандали суриштирувлар чиқиши вақт масаласи холос.
Ҳеч нарса унутилмайди, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўз саҳифасида.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 30 декабрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан «Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида ўтказилган йиғилиш баёни» тасдиқланган. Ушбу ҳужжатга кўра, «Enter Engineering» компанияси томонидан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига Бухоро шаҳрининг 32,6 гектар ер майдонида «Туризм шаҳарчаси» ни бунёд этиш, шу ҳудудда жойлашган 29 та давлат ташкилоти ва муассасалари ҳамда хусусий мулкдорларга тегишли бино ва иншоотларни бошқа ҳудудга белгиланган тартибда кўчириш таклифлари маъқулланган. Булар орасида Бухоро стадиони ҳам бор.