Юзлаб йўловчилар режалаштирилган сафарлари бекор бўлганидан норози.
Авиакомпания минглаб одамларнинг режалари фавқулодда ўзгартирилгани учун ўз мижозлари олдида бирон жавобгарлик ёки узр мазмунидаги хабар қолдиргани йўқ. Олдиндан огоҳлантиришсиз ўзгартиришлар эса шунчаки такомиллашув билан изоҳланмоқда.
29 феврал куни хусусий лоукостер авиакомпанияси «Humo air» яқин ва узоқ хориждаги манзилларда халқаро йўналишларни тез орада очилишини ва шу сабабли авиакомпанияни қайта режалаштириш ҳамда қайта тузишга тайёргарлик кўриш жараёни бошланишини эълон қилди.
Шу муносабат билан 1 мартдан 10 мартгача бўлган парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритилган, 10 мартдан кейинги парвозлар эса вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақида Humo airнинг саҳифаларида маълум қилинганидан кейин йўловчилар юзлаб изоҳларда норозилик билдириб фикр қолдиришмоқда. Улар режалаштириб қўйилган парвозлари қолдирилгани сабабли ишларида муаммо бўлиши, тўланиши ваъда қилинаётган билет пулларини ола олмаётгани ва айни пайтда бошқа авиакомпаниялар рейсларига билет олиш муаммо бўлаётгани ҳақида шикоят қилишмоқда.
Истеъмолчиларнинг пул қайтарилмаётганига жавобан фикр билдирган оператор 30 кунда пуллар қайтарилишини ёзган.
Халқаро қоидаларга кўра, рейсингиз бекор қилинса, сизга учта танлов ҳуқуқи берилиши керак.
1. Пул қайтарилиши.
2. Йўналиш ўзгартирилиши.
3. Парвоз куни ўзгартирилиши.
Йўловчи ҳуқуқлари рейс қанча муддатга қолдирилгани ва парвоз давомийлигига кўра фарқ қилади. Агар парвоз 2 соатдан кўпроқ вақтга сурилса, ёрдам олишингиз, бу муддат 5 соатдан ошса, компенсация олишингиз мумкин. Авиакомпания йўловчини ичимлик, овқат, жой ва агар зарурат бўлса, тунаш учун жойга боришга трансфер билан таъминлашга мажбур.
«Humo air» ҳозирда фақат пулларни қайтаришни ваъда бераяпти. Лекин йўловчилар бу пулларни ҳали олишгани йўқ. Қайта расмийлаштириш ҳақидаги юзлаб саволлар эса очиқ қолаяпти.