Ижтимоий тармоқда очиқ эълон қилинган фотосуратлардан журналистлар фойдаланишини чеклаш нотўғри. Бундай фикрни бугун Олмаотада ўтаётган InternetCA–2026 — «Марказий Осиёда интернет соҳасининг ривожланиши» XVII форумида қозоғистонлик медиаҳуқуқшунос Гульмира Биржанова билдирди.
«Ҳуқуқий медиа-марказ» жамоат фондининг Media Qoldau юридик хизмати раҳбарига кўра, сурати оммалашишини истамаган инсон уни ёпиқ аккаунтда сақлаши мумкин. Аммо ўзи очиқ эълон қилган суратдан журналист фойдаланишини тақиқлаш асосли эмас.
«Эълон қилинишини хоҳламасангиз, ёпиқ аккаунтга жойланг. Лекин “мен жойлайман, сизлар эса бундан фойдаланманг” деб журналистларга шарт қўйишни тўғри деб ҳисобламайман», — деди Биржанова.
Унинг фикрича, инсон суратни ўзи оммалаштирган бўлса, журналист ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Кейинчалик бу суратдан фойдаланиш қанчалик тўғри бўлганини суд муҳокамасига олиб чиқиш ёндашувини ҳам у танқид қилди.
Бу фикрлар Қозоғистонда фотосуратлардан фойдаланишга оид таклиф этилаётган чекловлар фонида айтилди. BES.media’нинг 18 ноябрдаги хабарига кўра, ўзгартишлар инсонга ўзи ижтимоий тармоқда очиқ эълон қилган суратлардан бошқалар фойдаланишини тақиқлаш имконини беришни ҳам назарда тутади. Хабарда бу нормалар қонунга таклиф этилаётган ўзгартишлар сифатида келтирилган.
Амалдаги тартибга кўра эса, Қозоғистон Фуқаролик кодексининг 145-моддаси инсон тасвиридан фойдаланишда, умумий қоида сифатида, унинг розилигини талаб қилади. «Масс-медиа тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида ОАВ учун истиснолар белгиланган. Жумладан, оммавий тадбирлардаги тасвирлар ҳамда шахснинг хизмат ёки жамоатчилик фаолиятига оид, ўзи ёхуд ваколатли вакили очиқ эълон қилган тасвир ва маълумотлардан розиликсиз фойдаланиш мумкин. Шу боис Биржанованинг очиқ аккаунтдаги суратларга оид позициясини амалдаги қонун ҳар қандай фотодан эркин фойдаланишга рухсат беради, деб талқин қилмаслик керак.
Форумда ҳуқуқшунос Қозоғистонда журналистларга нисбатан жиноий, маъмурий ва рақамли босимлар сақланиб қолаётганини ҳам таъкидлади. У била туриб ёлғон ахборот тарқатиш ва адоват қўзғатиш билан боғлиқ айбловлар, касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш каби чораларни тилга олди.
Биржанова аккредитация ҳам маъмурий босим воситасига айланаётганини айтиб, «Азаттиқ» радиоси журналистларининг аккредитация билан боғлиқ муаммоларини мисол келтирди.
Унинг фикрича, фуқароларни ҳимоя қилиш мақсади билан изоҳланаётган нормалар амалда журналистлар ишини қийинлаштириб, ўзини ўзи цензура қилишга ундамоқда. Айни пайтда журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартишлар етишмаяпти.
«Давлат таклиф қилаётган барча ўзгартишлар яна журналист фаолиятини тартибга солишга қаратилган. Уларни ҳимоя қиладиган ҳеч бўлмаса битта ўзгартиш киритинг», — деди Биржанова.




