Очилганига икки ой ҳам бўлмаган Самарқанддаги улгуржи савдо билан шуғулланадиган корхона вазирликдан 1,5 млрд сўмга 8 мингта китоб етказиб бериш бўйича шартнома тузган.
Маданият вазирлиги бир кунда бир компания билан китоб етказиб бериш бўйича саккизта шартнома тузган. Уларнинг жами қиймати — 1 млрд 501 млн сўм. Ҳар бир шартномада минг нусхадан, умумий ҳисобда 8 минг нусха китоб харид қилиш белгиланган.
Биз ўрганган ҳужжатларда китобларнинг аниқ номлари кўрсатилмаган. Лекин ишлаб чиқарувчи сифатида “O‘zbekiston” нашриёти ббелгиланганини кўриш мумкин. Хариднинг саккизта шартномага ажратилгани ҳам изоҳ талаб қилади. Чунки, умумий сумма электрон дўконда бюджет буюртмачиси учун белгиланган битта шартнома лимитидан юқори. Балки шу лимитни четлаб ўтиш учун йирик харидни 8 та шартномага бўлиб тизимдан ўтказиш усули қўлланган.

Харидлар 2026 йил 5 августда eBirja электрон дўкони орқали «MAHLIYO STRATEGIC DEVELOPMENT» МЧЖдан амалга оширилган.
Ҳужжатларда бешта харид натижаси соат 09:01–09:02 да, қолган учтаси 16:55 да қайд этилган.
Бир нусха китоб учун 131 400 сўмдан 226 800 сўмгача нарх белгиланган.
Техник параметрларга кўра, нашрлар 80–172 бетли, юмшоқ муқовали, ички саҳифалари оқ-қора босмада бўлиши керак. Муқоваси рангли ва мат ламинацияли қилиб белгиланган.
Аммо китобларнинг номи, муаллифи ва ISBN рақами келтирилмаган. Товар номи барчасида «Асосий китоб» деб ёзилган. Тўртта шартномада нашрлар ўзбек халқ оғзаки ижоди туркумига мансублиги қайд этилган, холос.
Ижрочи компания ҳақидаги маълумотлар ҳам эътиборга молик. Orginfo маълумотига кўра, МЧЖ 2026 йил 9 июнда рўйхатдан ўтган. Вазирлик билан 1,5 млрд сўмлик шартномалар компания ташкил этилганидан 57 кун ўтиб тузилган.
Корхонанинг асосий фаолият йўналиши — ихтисослашмаган улгуржи савдо. Устав фонди 200 млн сўм. Раҳбари ва 100 фоиз улушга эга таъсисчиси — Маҳлиё Жарқинова. Компания Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида рўйхатдан ўтган.
Янги ташкил этилган улгуржи савдо компанияси китоб етказиб бериши мумкин. Бу ҳолат ўз-ўзидан қонунбузилиш эмас.
Бу суммада тендер ёки танлов ўтказилиши керакмиди?
Китоб деган маҳсулот турининг ўзи тендерни мажбурий қилмайди. Қонун махсус талаблар қўйилмайдиган товарларни белгиланган лимит доирасида электрон дўкондан олишга рухсат беради.
Электрон дўкон ҳам рақобатли харид усули ҳисобланади.
Харид санасида бюджет буюртмачиси учун электрон дўконда битта товар шартномасининг чегараси 2 500 БҲМ — 1 млрд 30 млн сўм бўлган. Демак, 1 млрд 501 млн сўмлик буюртма битта шартнома сифатида расмийлаштирилса, бу лимитдан ошарди.
Агар бу ягона харид бўлса, махсус истисно мавжуд бўлмаган ҳолда товар хусусиятларига қараб бошқа усул қўлланиши лозим. Яъни стандарт маҳсулотни фақат нарх бўйича таққослаш етарли бўлса — аукцион, нархдан ташқари сифат ва миқдорий мезонлар ҳам баҳоланса — энг яхши таклифларни танлаш керак. Айнан тендернинг қиймат чегараси эса бюджет буюртмачилари учун ўша пайтда 2 млрд 472 млн сўмдан юқори бўлган. «Ягона буюртма электрон дўкон лимитини четлаб ўтиш учун қисмларга бўлинмаганми?» деган савол барибир туғилади.
Қонуннинг 46-моддаси рақобатга асосланган харид усулларини четлаб ўтиш мақсадида харид ҳажмини қисмларга бўлишни тақиқлайди.
Тўғри, нашрларнинг бетлари турлича — улар алоҳида китоблар бўлиши мумкин. Мавжуд шартномалар товар етказиб бериш сифатида расмийлаштирилган.
Саккиз минг нусха китоб қаерга ва кимларга берилгани ҳақида очиқ маълумот топилмади. Театрлари ҳароб, маданият уйлари анча муаммоларда вазирлик, китобхонликка фал эътибор қаратиб келади. Назарбеков ўзи 2023 йил якунлари бўйича берган ҳисоботида 8,6 минг китоб бепул тарқатилгани ҳақида гапирган.
Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг 2024 йил 8 ноябрда эълон қилинган мақоласида Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида «Мард аскарга совға» туркумида:
2023 йилда — 11 номдаги 33 минг нусха китоб;
2024 йилда — 7 номдаги 100 минг нусха китоб
чоп этилиб, ҳарбий қисмларга етказилгани айтилган. 2025 йилда ҳам лойиҳа давом этган.




