Масъуллар болалар масканларидаги хавфсизликни кучайтириши учун албатта қурбон бўлиши шартми?
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Воқеадан кейин Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги махсус ишчи гуруҳ тузди, ҳодисага алоқадор деб гумон қилинган ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Энди республикадаги барча давлат боғчалари ходимлари текширилади.
Ҳолат 22 сентябрь куни ОАВда кенг ёритила бошлади. Аммо жиноят иши бундан ўн кун аввал — 12 сентябрда қўзғатилган.
Болалар омбудсмани маълумотига кўра, Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ва 112-моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатган. Гумонланувчи К.М. ўша куни ушланган ва суд қарори билан қамоққа олинган. Ҳозир дастлабки тергов давом этмоқда.
Гумонланувчи боғчада хўжалик ишлари бўлими мудири бўлиб ишлаган 52 ёшли шахс экани айтилмоқда. Kun.uz билан суҳбатда боғча директори воқеа ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан эшитганини, тарбиячи эса ўз гуруҳидаги болаларни назоратсиз қолдирмаганини билдирган.
Воқеа жамоатчиликка маълум бўлганидан кейин Макттабгача ва мактаб таълими вазирлиги махсус ишчи гуруҳ тузганини билдирди.
Вазирликка кўра, воқеага дахлдор деб гумон қилинган ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган. Масъулиятсизликка йўл қўйган ходим ва мансабдорларнинг лавозимига лойиқлиги ҳам кўриб чиқилади.
Энг муҳим қарорлардан бири — барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини текшириш бошлангани бўлди.
«Боғча маъмурияти ва тарбиячилар қаерга қараган?»
Воқеа ҳақидаги хабарлар остида жамоатчиликнинг асосий эътирози фақат гумонланувчига эмас, болалар хавфсизлиги учун масъул бўлган бутун тизимга қаратилмоқда.
Боғча маъмурияти ва тарбиячилар қаерга қараган эди, муассаса ичида болаларни ҳимоя қилиш тизими нега ишламади?
Боғчада бола билан фақат тарбиячи бир ҳудудда бўлмайди. Муассасада хўжалик мудири, ошпаз, фаррош, қоровул ва бошқа техник ходимлар ҳам ишлайди.
Шу боис жамоатчилик муҳокамасидаги асосий масалалардан бири — болалар билан бевосита ишламайдиган, аммо уларга яқинлашиш имконияти бўлган ходимлар қандай текширилиши масаласи бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва буллинг болаларга нисбатан зўравонлик шакллари сифатида белгиланган.
Қонун давлат зиммасига болаларни бундай ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий ва бошқа чораларни кўриш вазифасини юклайди.
Шу нуқтаи назардан Учқўрғон воқеаси фақат муайян шахснинг эҳтимолий жинояти ҳақидаги иш эмас. У давлат болалар муассасаларида профилактика ва ички хавфсизлик механизмлари қандай ишлаётгани ҳақидаги масалани ҳам кўтармоқда.
Учқўрғон воқеасида гумонланувчи ушланган, жиноят иши қўзғатилган. Энди унинг қилмишига ҳуқуқий баҳони суд беради.
Аммо воқеа атрофидаги жамоатчилик муҳокамаси анча кенг масалани ўртага чиқарди:
Боғчага ишга қабул қилинаётган барча ходимлар қандай текширилади? Техник ходимларнинг болалар билан назоратсиз қолишига йўл қўймайдиган тартиб борми? Камералар қамраб олмайдиган ҳудудлар ким томонидан назорат қилинади? Боғча раҳбарининг бола хавфсизлиги учун шахсий жавобгарлиги қаергача боради?
Вазирликнинг бутун республикадаги давлат боғчалари ходимларини текширишга киришгани ҳам масала биргина Учқўрғон боғчаси билан чекланмаётганини кўрсатади.
Бу текширув бир марталик кампания бўлиб қоладими ёки боғчаларда ходимларни саралаш ва болалар хавфсизлигини таъминлашнинг доимий тизимига айланадими, буни вақт кўрсатади.




