ХМАО Думаси ўзбеклар ҳақидаги баёнотидан сўнг Холид Таги-зодага нисбатан чора кўради.
Ханти-Мансийск автоном округи депутатлари бугун бўлиб ўтадиган йиғилишда Россия Федерацияси Коммунистик партияси фракцияси аъзоси Холид Таги-зодага нисбатан чора кўриш масаласини муҳокама қилади. Унинг Сибир ерлари ўзбекларнинг “тарихий ватани” эканлиги ҳақидаги баёнотидан кейин “Ягона Россия”, ЛДПР, коммунистлар ва Давлат Думаси депутатлари ФСБ ва Бош прокуратурадан парламентарий устидан тергов ўтказишни талаб қилишди.
Комерсант.рунинг эксперт фикрига таяниб ёзишича, сиёсий кучларнинг биргаликдаги қарори жаноб Таги-зодани мандатдан маҳрум қилиш жараёнини тезлаштиради. Депутатнинг ўзи аллақачон бу масала бўйича узр сўраб чиқди. У ўз гапларини турли миллатлар истиқомат қиладиган ҳудудда бағрикенгроқ бўлиша чорлов сифатида бўлганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Холид Таги-зода 29 май, пайшанба куни округ парламентининг йиғилишида ҳудуд ўзбекларнинг “тарихий ватани” эканлигини маълум қилди.У ЛДПР депутати Михаил Селюковнинг муҳожирлар орасида туғилиш кўрсаткичи ошгани ҳақидаги эътирозларига нисбатан шундай деган эди.
Либерал-демократ маълумотларига кўра, 2023 йилда туманда туғилган 51,4 минг кишидан 28 минг нафари мигрантлар фарзандлари бўлган. «Балки бу ерга муҳожирлар ўзларининг тарихий ватанларига келишгандир», – дея айтганди Таги-зода ўшанда.
Давлат Думасининг уч депутати Таги-Зоданинг баёнотига эътибор қаратди. Коммунистлар вакили Михаил Матвеев “Ўзбекларнинг юртимизга бўлган “тарихий ҳуқуқлари”ни асослаш ҳам кимлардир томонидан ишлаб чиқилган қўлланмага жуда ўхшайди; ФСБ бу “яширин сепаратист”ни диққат билан кўриб чиқиши керак» деган.
Ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида Холид Таги-зодани жиноий жавобгарликка тортиш талаблари янграмоқда. Буни ҳатто мамлакат депутатлари қўллаб, фикрлар билдиришган. Бу гапларга жавобан Таги-зода Дума йиғилишида Михаил Селюков ва Всеволод Колцов ўртасидаги “баҳсли вазиятни юмшатишга” ҳаракат қилгани билан изоҳлади. «Муҳожирларни Юграга жалб этувчи омиллар тўғрисида тахмин қилинган, бу қатъий баёнот эмас. Бу изоҳ унинг ноаниқ талқинига йўл берди, бунинг учун чуқур узр сўрайман», деб ёзди депутат ўзининг ВКонтактедаги саҳифасида.
Туман парламентидаги “Коммерсант-Урал” манбасига кўра, парламент фаолияти ва этика комиссияси сешанба кунги Ханти-Мансийск автоном округи думаси йиғилиши кун тартибига унга қарши чоралар кўриш масаласини киритишни тавсия қилган. Комиссия аъзоси Виктор Сисун депутатлар ёпиқ эшиклар ортида муҳокама ўтказганини таъкидлаган.




