HRW: Ўзбекистон парламенти қўғирчоқ, танқид эса жиноятга тенглаштирилган
Марказий Осиёнинг беш республикаси халқаро ташкилотлар томонидан ҳуқуқбузар ва авторитар бошқарувлар остида дея тасвирланмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича “Human Rights Watch” (HRW) ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши кенг миқёсда давом этаётгани қайд этилди. Ҳисоботда мазкур давлатларда ижобий ўзгаришлар деярли кузатилмагани таъкидланади.
HRW ҳисоботида Марказий Осиё давлатлари раҳбариятининг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини бажармаётгани, суд тизимларининг мустақил эмаслиги, парламентларнинг қўғирчоқ хусусиятда экани танқид қилинди.
Ўзбекистон: Эркинликларнинг чекланиши
2024 йил давомида Ўзбекистонда ўнлаб фаоллар, блогерлар ва бошқа шахслар адолатни тарғиб қилгани учун тазйиққа учраган. Сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги тобора чекланиб бораётгани қайд этилади. Интернетда давлат юқори одамларини танқид қилган фуқаролар қамоққа ташланган, танқид эса жиноятга тенглаштирилган. Қийноқлар ва инсоний муносабатлар билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам давом этмоқда.
Қорақалпоғистон, Тошкент ва бошқа ҳудудларда фаоллар асоссиз судланиши ва жазоланиши кузатилган. Янги қабул қилинган қонун эса чет элдан туриб танқид қилганларни ҳам жазолашга йўл очмоқда.
Қозоғистон: Сўз ва фикр эркинлиги чеклови
Қозоғистонда сўз эркинлиги ва нодавлат ташкилотларнинг фаолияти чекланган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев демократияни ривожлантиришни ваъда қилган бўлса-да, мустақил партиялар тузишга йўл берилмаётгани танқид қилинмоқда. Оилавий зўравонлик ҳолатлари деярли тергов қилинмайди, адлия тизимида эса пораҳўрлик кенг тарқалган.
Қирғизистон: Матбуот эркинлиги орқага кетмоқда
2024 йил Қирғизистонда матбуот ва сўз эркинлиги учун оғир давр бўлди. Ўнлаб журналистлар ва блогерлар қамоққа ташланган, хорижий ташкилотлар ва мустақил ОАВлар босим остида фаолият юритмоқда. “Kloop Media” каби ташкилотлар ёпилган, янги ОАВларнинг очилишига тўсқинлик қилинмоқда.
Тожикистон: Мустақил фикр доим тазйиқда
Тожикистон ҳукумати чет элдаги танқидчиларни мажбуран мамлакатга қайтариш ва қамаш сиёсатини давом эттирмоқда. Тоғли Бадахшон ҳудудидаги норозилик куч билан бостирилган, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари эса кўплаб соҳаларда чекловга учраган.
Туркманистон: Дунёнинг энг ёпиқ давлати
Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ тузумларидан бири сифатида қайд этилади. Фуқароларнинг мамлакатдан чиқиши ёки кириши мураккаблаштирилган, ҳуқуқбузарликлар эса тизимли тус олган.
HRWнинг Глобал Таҳлили
HRW ҳисоботида бутун дунё бўйлаб яккахокимлик, ҳуқуқбузарлик ва адолатсизлик кучайиб бораётгани қайд этилади. Хусусан, Украина, Россия, Хитой, Судан ва бошқа давлатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган.
HRW ҳисоботида ҳукуматларнинг асосий вазифаси – хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани таъкидланади. Бироқ, Марказий Осиё давлатларида ушбу масъулият кўпинча эътиборсиз қолдирилаётгани қайд этилади.
Матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқларининг ҳимояси демократиянинг асосий мезонларидан ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари бу йўналишда жиддий ўзгаришлар қилиш эҳтиёжида экани кўриниб турибди.




