Бугун 2000 долларгача маош таклиф этилаётган мавсумий иш ўринлари учун рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан янги мавсумда Британия қишлоқ хўжалиги соҳасига ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини жалб қилиш мақсадида «Pro-Force Limited» ва «HOPS Labour Solutions Ltd» рекрутинг агентликлари вакиллари билан музокаралар ўтказган.
«Дунё» Ахборот агентлигининг маълумотга қараганда учрашувда жорий йил февраль ойида «Pro-Force Limited» агентлигининг Тошкентга ташрифини ташкил этиш ва 3 мингга яқин сараланган номзодларни бошлаб босқичма-босқич тарзда Буюк Британияда иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришилган.
Қайд этилишича, «HOPS Labour Solutions Ltd» компанияси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда 14-15 январь кунлари ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини учун онлайн тарзда тест синовларини ташкил этади.
Миграция агентлиги xorijdaish.uz портали орқали бугун соат 15:00 дан 19:00 гача (Тошкент вақти билан) онлайн рўйхатдан ўтиш очилишини маълум қилди.
Ариза берувчилар учун қуйидаги мезонлар талаб этилган:
– 18-50 ёш
– рус тилини билиши;
– яхши жисмоний ва психологик ҳолат.
Иш ҳақи соатига 11,44£ (15$ атрофида) таклиф этилмоқда. Бунда иш берувчи ҳафтасига камида 32 соат ишлашни кафолатлайди. Бу ойига 2000 долларга яқин маош дегани.
Британияда иш ўринлари кўпайганми?
Мутахассислар бу борада ўз кузатувларини эълон қилишмоқда. Хусусан, ББС журналисти Ибрат Сафо Британияда қурувчилар етишмаётгани ҳақида ёзди. Россия эса борган сари ўзбек қурувчилар учун жозибасини йўқотмоқда – чекловлари кучайган, даромад тушган. Унинг ёзишича, Янги Ўзбекистон ва Британия ўртасида ҳануз олий даражада ташрифлар бўлмаганига қарамай британлар охирги вақтда Тошкентга бироз серқатнов бўлиб қолишган.
«Балки ҳукуматимиз ўзбек қурувчиларининг Британияда ишлаши бўйича музокаралар олиб бориши керакдир? Миялар оқимига қаршиман, лекин оддий ишчи мақомидаги юртдошларга барибир ёрдам керак. Фермаларда кўп ўзбеклар ишлаяпти. Қурувчилар Британияда ишлаб топадиган пул ундан анча яхши. Яқинда давлат тепасига келган Кийр Стармер Англияда 2029 йил охиригача 1,5 млн уй қуришни ваъда қилди, чунки уй танқислигидан нархлари ва ижара ошиб кетган. Қариётган қурувчилар ва Брексит каби омиллар қурувчилар камайишига олиб келган.
Агар ҳукумат ўз режасини амалга оширмоқчи бўлса, унга қўшимча мана шунча ишчи керак бўларкан: 20 минг ғишт терувчи, 2400 чилангар, 8 минг дурадгор, 3200 сувоқчи, 20 минг ерни тайёрловчи ишчилар, 1200 кафелчи, 2400 электрик, 2400 том устаси, 480 муҳандис.
Қурувчиликнинг, албатта, ўзига хос қатъий талаблари ва ҳунармандлик мезонлари бор, лекин масалан Лондонда ҳозир қурувчиликда ишлаётган чет элликлар сони бўйича ҳиндистонликлар 2-ўринда туради – улар ҳам дунёнинг у чеккасидан келиб ўрганиб ишлаб юришибди», – деб ёзди Ибрат Сафо.




