Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ Каспий денгизининг Озарбайжон секторидаги “Шоҳденгиз” газ конини ўзлаштириш лойиҳасининг иштирокчиси бўлишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 21 май куни маълум қилган.
“Ўзбекнефтгаз” ва SOCAR (Озарбайжон давлат нефт компанияси) яқин ойларда Ўзбекистон компаниясининг “Шоҳденгиз” лойиҳасига кириши бўйича келишув имзолаши мумкин.
Ҳозир биз SOCAR билан унинг Ўзбекистонда нефт ва газ қазиб олиш лойиҳаларида иштироки ҳақида гаплашмоқдамиз. Худди шундай, “Ўзбекнефтгаз”нинг Озарбайжондаги газ ишлаб чиқариш корхоналарига кириши масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда ва бу якуний босқичда”,
деган Қудратов.
“Шоҳденгиз” конини ўзлаштириш бўйича шартнома 1996 йилда имзоланган. Шартномада томонларнинг улуши ҳозирча қуйидагича: Британиянинг BP plc (лойиҳа оператори – 29,99%), ЛУКОИЛ (19,99%), Туркия ТПАО (19%), Озарбайжон Cenub Qaz Dehlizi (21,02%), Эроннинг NICO ( 10%).
Қудратовнинг очиқланишича, эндиликда Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳадаги улуши ҳам муҳокама қилинмоқда.
“Умид қиламизки, бу тез орада амалга ошади”,
дея қўшимча қилган у шартномани имзолаш вақти ҳақидаги саволга жавоб бераркан.
Қудратов лойиҳа мураккаблиги, ҳуқуқий экспертиза талаб этиши, бу жараёнга хорижлик маслаҳатчилар жалб этилганини таъкидлаган.
“Аммо биз истиқболларга оптимистик қараймиз”,
деб таъкидлади у.
Маълумот учун, “Шоҳденгиз” Озарбайжондаги энг йирик газ кони ҳисобланиб, ундан газ ва конденсат қазиб олиш 2006 йилнинг декабр ойида бошланган ва ҳозирда Алфа платформасидан 1-босқич доирасида ва Браво платформасидан 2-босқич доирасида амалга оширилмоқда.
Озарбайжон ҳозирда Грузия, Туркия ва олтита Европа давлати (Италия, Греция, Болгария, Руминия, Венгрия ва Сербия) билан “Шоҳденгиз” конидан газ етказиб бериш бўйича шартномаларга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Каспий денгизи тубидан юқори волтли кабел ётқизиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.