Хорижий мамлакат вазирлари бу ҳақда қандай фикрда?
Сенегал Републикаси вазири Uzdiplomat.uzга берган интервьюсида бу ҳақда тўхталди.
Ислом дунёсининг туризм шаҳри дея эътироф этилган – қадимий Хива шаҳри шу йил 1-2 июнь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг Туризм вазирлари сессиясига мезбонлик қилди. Сессияда иштирок этиш учун Хивага дунёнинг 56 давлатидан делегациялар, 14 та халқаро ташкилот ва уларнинг раҳбарият даражасидаги ҳамкорлари ташриф буюрди.
– Бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Биринчи марта Самарқандга келганман ва бугун қадимий Хивадалигимдан хурсандман,
деди тадбирда иштирок этган Сенегалнинг туризм ва рекреация вазири Фалл Моҳамадоу Манел.
Унинг айтишича, унга Ўзбекистоннинг инфратузилмани қандай ривожлантираётгани ёққан.
–Ишончим комилки, 2024 йилда Хивага ИҲТнинг туристик шаҳри мақоми берилиши Ўзбекистон учун манфаатли натижа бўлади. Бу орқали турли мамлакатлардан келган меҳмонлар шаҳрингиздаги бетакрорликни кўришлари мумкин бўлади. Яна ҳам аниқроғи, Ўзбекистон дунёга ўзини қандай кўрсатишни билади. Биз буни сизлардан ўрганишимиз мумкин. Бу борада тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимиз тарихи ва маданиятини яхшироқ тушунишга ёрдам беради,
дея фикрини якунлади Фалл Моҳамадоу Манел.
Шунингдек, халқаро тадбирда қатнашган Ўзбекистон Респубдикасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бутун Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳудудида ислом туризмини ривожлантирилишини таъкидлади:
– Рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда виза тизимини енгиллаштириб, фуқароларимиз сайёҳатини қулайлаштирсак, Ташкилот ҳудудида “ички туризм” салоҳиятини тўлиқ ишга солишимиз мумкин.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти мамлакатларида ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган 1199 та объектнинг 231 таси (19 фоизи) жойлашган.
Бундай бетакрор меросни кенг тарғиб қилиш учун йирик медиа корпорациялар билан биргаликда
“Ислом туризм масканлари” дастурини ҳамда мега-инфотурларни ташкил этамиз.
Минтақамизга энг кўп ташриф буюраётган хорижий туристлар тилида “Ислом туризм масканлари” сайёҳлик қўлланмаларини чоп этишимиз, уларнинг мобил иловаларини ҳам яратишимиз лозим
деди вазир Азиз Абдуҳакимов.
Мафтуна Каримова