Маданий мерос агентлиги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи биноси бузилмаслигини, Чингиз Аҳмаровнинг ноёб деворий суратлари ўз жойида сақланишини ваъда қилди. Бироқ расмий муносабатда энг муҳим савол жавобсиз қолиб кнтмоқда. Нима учун музейни ўз тарихий биносида сақлаб қолиш ўрнига, уни кўчириш ва бинодан театр эҳтиёжлари учун фойдаланиш қарори қабул қилинди?
16 октябрь куни Маданий мерос агентлиги Навоий музейи атрофидаги баҳсларга расмий муносабат билдирди. Унда музей жойлашган бино давлат муҳофазасида экани, унинг мақоми ўзгармаслиги ва деворий суратларни кўчириш мумкин эмаслиги таъкидланди.
Шу билан бирга, агентлик бино Давлат ёшлар театрига бириктирилганини ҳам тасдиқлади. Бунга сабаб сифатида театрнинг кенгайган эҳтиёжлари — репетиция заллари, грим хоналари ва декорация устахоналари учун қўшимча жой зарурлиги кўрсатилган.
Демак, музейнинг тарихий биноси сақланади, деворлардаги санъат асарлари ҳам ўз ўрнида қолади, аммо бу хоналарнинг музей сифатидаги вазифасини якунлайди.
Агар Чингиз Аҳмаровнинг деворий суратлари кўчириб бўлмайдиган даражада ноёб маданий мерос бўлса, нима учун улар жойлашган залларни музей сифатида сақлаб қолиш имконияти кўриб чиқилмаган?
Суратларни бузмасликка ваъда бериш — уларнинг келажакда қандай шароитда намойиш этилиши, кимлар томонидан ва қандай мақсадда фойдаланилиши ҳақидаги саволларга жавоб берилди дегани эмас-ку.
Музейнинг вазифаси фақат деворларни асрашдан иборат эмас. У тарихий асарларни жамоатчиликка намойиш этиш, адабий меросни ўрганиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун ҳам хизмат қилади.
Энди эса музей учун махсус яратилган илмий ва маданий муҳит театрнинг кундалик фаолиятига мослаштирилиши кутилмоқда. Бироқ агентлик деворий суратлар жойлашган заллар айнан қандай ишлатилиши ва улар жамоатчилик учун очиқ қолиш-қолмаслигига аниқлик киритмаган.
Театр муаммоси нега музей ҳисобига ҳал қилинмоқда?
Расмий баёнотда бино дастлаб Рус ёш томошабинлар театри учун қурилгани алоҳида таъкидланган. Бу тарихий маълумот бинодан келгусида қандай фойдаланиш масаласидаги далиллардан бири бўлиши мумкин.
Бироқ бинонинг аввалги вазифаси унинг кейинчалик шаклланган маданий ва илмий аҳамиятини инкор этмайди.
Музей йиллар давомида айнан шу бинода ишлади. Бу ерда адабий мерос сақланди, қўлёзмалар ўрганилди, олимлар ва тадқиқотчилар фаолият юритди.
Театрнинг қўшимча хоналарга эҳтиёжи борлиги тушунарли. Аммо нима учун бу эҳтиёжни қондиришнинг ягона йўли музейни кўчириш бўлиши керак?
Театр учун муқобил бино ёки қўшимча майдон ажратиш имконияти ўрганилганми?
Музей ва театрнинг бир бинода фаолият юритишини давом эттириш варианти нега рад этилган?
Бу қарор қабул қилинишидан олдин қандай экспертиза ва муқобил ечимлар таҳлили ўтказилган?
Расмий муносабатда бу саволларга жавоб йўқ.
Музей кўчирилмоқда, аммо уни қабул қиладиган жойлар тайёрми?
Агентлик маълумотига кўра, музейнинг ноёб фондлари Янги Тошкентда янги бино қуриб битказилгунига қадар Ислом цивилизацияси маркази ва Фанлар академиясининг Антропология институтида вақтинча сақланади. Бироқ музей ходимлари кўчириш жараёнида жиддий муаммолар борлигини айтмоқда.
Музей ходими Абдурасул Эшонбобоевнинг сўзларига кўра, Антропология институтида барча тасвирий асарларни жойлаштириш учун етарли майдон топилмаган, ҳатто йўлаклар ҳам уларни сиғдира олмаган.
Яна бир музей ходими Нурафшоннинг айтишича, Ислом цивилизацияси марказига кўчирилган қўлёзмалар билан ишлашда музей илмий ходимларига имконият берилмаяпти.
Бу баёнотлар масъул муассасалар томонидан алоҳида изоҳланиши лозим. Бироқ улар жиддий саволни ўртага қўяди: агар вақтинчалик жойлаштириш учун ҳам етарли шароит бўлмаса, музейни шошилинч кўчиришдан мақсад нима?
Музей ходими Баҳтиёр Тоировнинг айтишича, Янги Тошкентдаги музей биноси 2030 йиллар атрофида битиши мумкин. Айни вақтда Янги Тошкент дирекцияси томонидан 2027 йил охиригача қурилишни якунлаш режаси ҳақида ҳам маълум қилинган.
Демак, қурилишнинг амалда қачон тугаши ва музейнинг тўлиқ фаолияти қачон тикланиши масаласида ҳам аниқлик зарур.
Агар қурилиш бир неча йил давом этса, шу вақт ичида музейнинг илмий ходимлари қаерда ишлайди? Қўлёзмалар устидаги тадқиқотлар қандай давом эттирилади? Музейга келувчилар ва хорижий тадқиқотчилар учун қандай шароит яратилади?
Бу саволлар фақат ходимларнинг иш жойи ҳақида эмас. Гап мамлакат адабий меросини ўрганиш жараёни узлуксиз давом этиши ҳақида кетмоқда.
Янги музей қуриш эскисини бўшатиш учун асос бўла оладими?
Янги Тошкентда замонавий музей қуриш ташаббусининг ўзи ижобий баҳоланиши мумкин. Ноёб асарлар учун замонавий сақлаш шароитлари, кенг кўргазма заллари ва илмий инфратузилма яратилиши муҳим.
Лекин янги музей қуриш режаси амалдаги музейни янги бино тайёр бўлмасидан кўчириш заруратини автоматик равишда исботламайди.
Аксинча, аввал янги бинони қуриб битказиш, музей фондлари ва илмий жамоани шундан кейингина кўчириш мантиқан тўғрироқ ечим эмасмиди?
Нега музей фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашдан кўра, унинг ҳозирги биносини театрга ажратиш масаласи биринчи ўринга чиқди?
Яна бир жиҳат эътиборга молик. Музей биносини театрга бериш ҳақидаги ҳукумат қарори «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи билан қабул қилинган. Ваҳоланки, гап давлат мулки, маданий мерос ва жамоатчилик манфаатига дахлдор объект ҳақида кетмоқда. Қарорни бундай тартибда қабул қилишга қандай зарурат бўлгани ҳам тушунтирилиши керак.
Суратлар сақланади. Аммо музей-чи?
Маданий мерос агентлиги бинодаги Чингиз Аҳмаров ва Т. Саъдуллаевнинг деворий асарлари кўчирилмаслигини, улар реставрация ва консервация қилинишини маълум қилди.
Бироқ бу баёнотда муайян парадокс бор. Давлат ноёб суратларни ўз жойида сақлаш зарурлигини тан оляпти, аммо улар жойлашган музейни ўз жойида сақлаб қолиш заруратини асосий мақсад сифатида кўрмаяпти.
Маданий мерос фақат девор, расм ёки қўлёзмадан иборат эмас. Уларнинг тарихий муҳити, жамоатчилик учун очиқлиги, илмий тадқиқотлар билан боғлиқлиги ҳам муҳим.




