Миланда ўтаётган 10 – Европа тамаки ва саломатлик (Europe Conference on Tobacco and Health) конференциясида Европа давлатлари никотин ва янги тамаки маҳсулотларига қарши курашни кучайтириш ҳақида гапирмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 мартидан электрон сигареталар тақиқланган бўлса-да, қиздириладиган тамаки маҳсулотларига тақиқ йўқ ва улар айниқса ёшлар орасида оммалашиб бормоқда.
Италиянинг Милан шаҳри бугун фақат мода маркази эмас. Шаҳар жаҳоннинг турли давлатларидан келган шифокорлар, тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва соғлиқни сақлаш экспертларини бирлаштирган муҳим глобал майдонга айланган.
Конференцияда Европа Комиссияси вакиллари Европа Иттифоқининг тамакига қарши сиёсати бўйича янги баҳолаш натижаларини тақдим қилди.
Маълумотларга кўра, 2012 йилдан буён Европа Иттифоқида чекиш даражаси 28 фоиздан 24 фоизга тушган. Ёшлар ўртасида эса бу кўрсаткич 29 фоиздан 22 фоизгача пасайган.
Бироқ конференцияда асосий хавотир энди оддий сигареталар эмаслиги таъкидланди.
Мутахассислар электрон сигареталар, никотин пакетчалари ва қиздириладиган тамаки маҳсулотлари ёшлар орасида тез оммалашаётганини айтди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва рақамли маркетинг никотин маҳсулотларини тарғиб қилишнинг янги қуролига айлангани қайд этилди.
Европа Комиссиясига кўра, бу маҳсулотлар ёшларда никотинга қарамликни шакллантириб, кейинчалик анъанавий сигарета чекишга олиб келиши мумкин.
Конференцияда яна бир муҳим фикр янгради: тамакига қарши кураш — бу қисқа масофага югуриш эмас, балки узоқ марафон.
Спикерлар авваллари одамларга сигаретанинг зарарини тушунтиришнинг ўзи етарли деб ўйланганини тан олди. Аммо эндиликда мутахассислар “ақл билан тушунтиришнинг ўзи етарли эмас”лигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, солиқ сиёсати, таълим, реклама чекловлари, тиббий профилактика ва қатъий қонунчилик бир вақтнинг ўзида ишлаши керак.
Европа Иттифоқи “Europe’s Beating Cancer Plan” дастури доирасида 2040 йилгача “тамакисиз авлод” яратишни мақсад қилган. Режага кўра, 2040 йилга келиб аҳолининг 5 фоизидан кам қисми тамаки маҳсулотларидан фойдаланиши керак.
Конференция иштирокчилари тамаки муаммоси нафақат соғлиқ, балки иқтисод масаласи ҳам эканини таъкидлади. Европа давлатлари ҳар йили миллиардлаб евроларни тамаки билан боғлиқ касалликларни даволашга сарфламоқда.
Ўзбекистон учун эса бу муҳокамалар алоҳида аҳамиятга эга.
Чунки жорий йилнинг 1 март санасидан Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланди. Аммо қиздириладиган тамаки маҳсулотларига нисбатан бундай чеклов мавжуд эмас. Айрим жамоатчилик фаоллари ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари бу маҳсулотлар ёшлар орасида тобора оммалашаётганига эътибор қаратмоқда.
Миландаги конференцияда энг кўп такрорланган фикрлардан бири эса шундай бўлди: никотин индустрияси шаклини ўзгартирмоқда, давлатлар эса ундан ҳам тезроқ ҳаракат қилишга мажбур.




