Таниқли режиссёрлар Виталий Манский ва Евгений Титаренко томонидан Россиянинг Украинага қарши бошланган урушга бағишланган “Шарқ фронти” фильми Тошкентдаги “Artdocfest Asia” ҳужжатли фильмлар фестивалида намойиш этилиши тақиқланди.
Бу ҳақда режиссёрнинг ўзи Facebook саҳифасида маълум қилди. Унинг айтишича, фильмни тақиқлаш ҳақидаги буйруқ Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан имзоланган.
“Тошкентда “Artdocfest Asia” фестивали доирасидаги “Шарқ фронти” фильмимиз намойиши тўхтатилди. Фестиваль дастурининг кейинги барча намойишлари ҳам тақиқланган. Бу Ўзбекистон Маданият вазирлигининг кўрсатмаси билан амалга оширилди. Бу эса 139 Documentary Center (ҳужжатли фильмлар майдончаси) мустақил платформаси 4 йиллик фаолиятидаги биринчи бундай ҳодисадир. Салом, “Рус дунёси”!” деган Виталий Манский.
Маълумот учун, фильмда уруш бошланганидан кейин оилаларини орқа тарафга кўчириб, жангга отланган беш украиналик ҳақида ҳикоя қилади. Ўзбекистонлик киношунос Самандар Эгамбердиевнинг ёзишича, бу Ўзбекистон учун жуда шармандали ҳолат.
“Бу жудаям шармандали ҳолат Маданият вазирлиги, катта эҳтимол билан Ўзбеккино агентлиги учун ҳам.
Қизиқ, бизнинг “фаоллар” хабардормикан бундан?” деган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Маданият вазирлиги эса Украина ҳақидаги фильм Тошкентда намойиш этилиши тақиқлаганини ташкилотчилар белгиланган тартибда руҳсат олмагани билан изоҳлади.
“Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий филмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади. Шу билан бирга, фильмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги фильмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатноманинг бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган”, – дейилган вазирлик расмий изоҳида.
Бундан ташқари, вазирлик Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шартлигини эслатган. Бироқ, 2–8-апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Artdocfest Asia” фестивали деб номланган оммавий тадбирни ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгилангани тартибда рухсатнома олишмаган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва фильмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган.
Шу ўринда оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдирамиз”, – дейилган Маданият вазирлиги муносабатида.