Ўзбекистон БРИКС давлатлари томонидан ташкил этилган Янги тараққиёт банкига аъзо бўлганидан беш ой ўтиб, ушбу молия институтидан биринчи кредитини жалб қилмоқда. Маблағ энергетика соҳасини ривожлантириш ва мамлакатнинг табиий газга қарамлигини камайтиришга йўналтирилади.
17 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва Янги тараққиёт банки ўртасида 300 миллион долларлик кредит битими имзоланди. Бу ҳақда банкнинг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур маблағ кам углеродли энергетикани ривожлантириш дастурининг биринчи босқичини молиялаштиришга ажратилади. Дастур қуёш, шамол, гидро ва атом энергетикаси соҳаларидаги лойиҳаларни қамраб олади. Уни 2026–2037 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Банк таҳлилига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони ва иқтисодиётнинг ўсиши ҳисобига электр энергиясига талаб жадал ортиб бормоқда. Бироқ электр энергияси ишлаб чиқариш суръатлари талабни тўлиқ қондириш учун етарли эмас.
Лойиҳани Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мувофиқлаштириб боради.
Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан БРИКСнинг ҳамкор давлат мақомига эга. Бу мамлакатимизга ташкилот саммитлари ва вазирлар даражасидаги айрим учрашувларда иштирок этиш имконини беради. Бироқ Ўзбекистон ҳозирча БРИКСнинг тўлақонли аъзоси эмас.
Янги тараққиёт банкига аъзолик эса алоҳида тартибда амалга оширилади.
2026 йил 21 майда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги битимга қўшилиши ҳақидаги қонунни имзолади. 5 июнь куни Ўзбекистон банкнинг ўнинчи аъзоси ва унга қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланди.
Банк капиталида Ўзбекистоннинг улуши 0,23 фоизни, мамлакатимиз томонидан обуна бўлинган капитал миқдори эса 121,5 миллион долларни ташкил этади.
Жорий йилнинг 18 июнь куни Шавкат Мирзиёев Янги тараққиёт банки президенти, Бразилиянинг собиқ президенти Дилма Русеф билан Тошкентда учрашган эди.
Ўшанда энергетикадан ташқари сув хўжалиги, транспорт, муҳандислик инфратузилмаси, хусусий сектор ва ижтимоий соҳаларда ҳам қўшма лойиҳаларни шакллантиришга келишиб олинган.
БРИКС банкига аъзолик Ўзбекистон учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтларидан ташқари яна бир йирик ташқи молиялаштириш манбаи пайдо бўлганини англатади.
Бироқ янги кредитнинг иқтисодий самарасини баҳолашда унинг шартлари ҳам муҳим. Ҳозирча 300 миллион долларлик кредитнинг фоиз ставкаси, қайтариш муддати ва имтиёзли даври банкнинг очиқ ахборотларида кўрсатилмаган.
Маълумот учун, Янги тараққиёт банки 2015 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси томонидан ташкил этилган. Банкнинг бош қароргоҳи Шанхай шаҳрида жойлашган.




