Ўзбекистон АҚШ билан эришилган 35 млрд долларлик тижорий келишувларнинг 7 млрд долларлик қисмини амалга оширганини маълум қилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов The Washington Times нашрига берган интервьюсида айтди.
Унинг таъкидлашича, 2025 йилда Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида эълон қилинган келишувлар доирасида шаклланган лойиҳалар портфелининг қарийб бешдан бир қисми аллақачон амалга оширилган.
«Биз 35 млрд долларлик лойиҳалар портфели бўйича келишдик. Унинг 7 млрд долларини аллақачон амалга оширдик ва якунладик», — деди Қудратов.
Вазир бу натижани президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йилдан бошланган иқтисодий ислоҳотлар билан боғлади.
Қудратовнинг айтишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳажми ҳам ўтган йили 1 млрд доллардан ошган. Бу икки давлат ўртасидаги савдо тарихида биринчи марта 1 млрд долларлик кўрсаткичдан юқори натижа қайд этилганини англатади.
Нашр Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун шароит яхшиланганини ҳам қайд этади. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрь ҳолатига мамлакатда 21 мингдан ортиқ хорижий корхона фаолият юритган. Уларнинг 78 фоизи тўлиқ хорижий капитал иштирокидаги компаниялардир. 2017 йилда эса бундай корхоналар сони 4 мингдан бироз ошган.
Шу билан бирга, The Washington Times Ўзбекистоннинг 7 млрд долларлик амалга оширилган инвестициялар ҳақидаги рақами мустақил ва очиқ аудит билан тасдиқланмаганига эътибор қаратган.
Навбатда — критик минераллар
Ўзбекистон–АҚШ иқтисодий ҳамкорлигида кейинги муҳим йўналишлардан бири критик минераллар бўлиши мумкин.
Февраль ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ билан критик минераллар бўйича англашув меморандумини имзолаган. Шунингдек, Ўзбекистон АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) билан қўшма инвестиция доираси бўйича «heads of terms» ҳужжатини рўйхатдан ўтказган.
Бироқ бу ҳужжатлар ҳозирча муайян конлар ёки аниқ молиявий мажбуриятларни белгиламайди.
Нашрга кўра, Ўзбекистонда конларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш бир неча йил талаб қилиши мумкин. Шу сабабли мамлакатда ишлаб чиқарилган қайта ишланган критик минералларнинг АҚШ захираларига етиб бориши кейинги ўн йилликка тўғри келиши эҳтимолдан холи эмас.




