✔️Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирган шартномага 20 йил тўлди.
✔️Марказий Осиё ҳудудида шу вақтгача 456 та ядро синови ўтказилган
Марказий Осиёнинг беш давлати ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан халқаро ҳамжамиятни қуролсизланиш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда IPS хабар берди.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари 8 сентябрдаги қўшма баёнотида ядро арсеналларининг модернизация қилиниши, қуролланишни назорат қилиш келишувларининг издан чиқиши ва давлатлар ўртасидаги ишончсизликдан хавотир билдирди.
Ташаббусни Ўзбекистон илгари сурган
Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ғоясини Ўзбекистон 1993 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида таклиф қилган. Ўн уч йиллик музокаралардан сўнг, 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинскда шартнома имзоланган. У 2009 йилда кучга кирган.
Шу тариқа, ядро қуролига эга Россия ва Хитой билан бевосита чегарадош минтақада бундай қуролларни тақиқловчи ҳудуд ташкил этилган.
Шартноманинг айнан Семипалатинскда имзоланиши рамзий аҳамиятга эга. Бу ердаги совет полигонида 1949–1989 йилларда 456 та ядро синови ўтказилган. IPS маълумотига кўра, радиация оқибатларидан тахминан 1,5 миллион киши жабрланган. Полигон 1991 йил 29 августда ёпилган.
Хавфсизлик кафолатлари масаласи ҳали очиқ
2014 йилда ядро қуролига эга беш давлат — АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция — минтақа давлатларига қарши ядро қуролини ишлатмаслик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилмаслик кафолатларини назарда тутувчи протоколни имзолаган. Уларнинг тўрттаси ҳужжатни ратификация қилган. Вазирлар АҚШ ҳам бу жараённи якунлашига умид билдирди.
Шунингдек, улар ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани тезроқ кучга киритишга чақирди. Ҳужжат 1996 йилда имзолаш учун очилган бўлса-да, ҳануз кучга кирмаган.
Йигирма йиллик сана ядро қуролидан воз кечиш бўйича минтақавий келишувнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатмоқда. Аммо унинг самараси ядро қуролига эга давлатларнинг ўз мажбуриятларини бажариши ва хавфсизлик кафолатларига амал қилишига ҳам боғлиқ.




