«Барселона» мактаби аввалги «пул ювиш» тизими тарихини қайта тикланиши бўлмайдими?
Ўзбекистонда Испаниянинг машҳур «Барселона» клубига қарашли Barça Academy футбол мактабини очиш имконияти муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилди. Лойиҳа ёш футболчиларни халқаро методика асосида тайёрлаш учун катта имконият сифатида тақдим этиляпти.
Бу Ўзбекистоннинг «Барселона» билан биринчи ҳамкорлиги эмас. Аввалги алоқалар миллионлаб евролик битимлар, Гулнора Каримовага боғланган Zeromax компанияси ва клуб президенти Жоан Лапортанинг шахсий бизнеси ҳақидаги саволлар билан якунланган эди.

Бугун эса «Барселона»ни яна айнан ўша Марказий Осиёдан яхшигина улуш олгани айтилган Жоан Лапорта бошқармоқда. Шу сабабли ҳам бу хабар озроқ тарихни эслашга, қўшнилар тажрибаси ва Ла Порта шахсига чизгилар беришга ундади.
2008/09 йилги мавсум: Ривалдо 30 та ўйинда 20 та гол уриб, чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланади. Лапорта янги спорт мажмуаси пойдеворига тамал тоши қўяди, Пуйоль, Месси ва Иньеста эса болалар учун футбол машғулотлари ўтказади.
Бу манзара Каталония эмас, балки Ўзбекистонда содир бўлган ва миллиардлаб бюджет маблағларини “бошини ейиш” га замин бўлган. Бу ҳазил эмас, гарчи бир қарашда шундай туюлса ҳам. Катта авлод вакиллари бу тарихни, ҳеч бўлмаганда, умумий тарзда билиши мумкин. Аммо ёш авлод учун бу воқеалар янгилик бўлиши эҳтимол.
Ҳар ҳолда, бу жуда қизиқарли тарих. Уни яна бир бор ҳикоя қилиб, йўл-йўлакай айрим янги тафсилотларни ҳам очиб бериш зарар қилмайди.
2008 йилдаги ҳамкорлик қандай бошланган эди?
Масалани ўрганган El Pais журналисти мақоласида келтирилишича, бир куни ресторанга турк, ўзбек ва каталониялик кириб келади. Бу латифанинг бошланишига ўхшайди, аммо воқеа айнан шундай кечган.
2008 йил май ойида Жоан Лапорта ўз таниши — футбол агенти Байрам Тутумлу орқали ўзбек тадбиркори Мирoдил Жалолов билан ишбилармонлик алоқасини ўрнатади. Жоан унинг ўзига хос ташқи кўринишидан шунчалик ҳайратланадики, ҳатто Тутумлудан испан тилида: «Бу одамда ҳақиқатан ҳам пул борми?» деб сўрайди.
Кўп ўтмай, «Барселона» президенти бунга шахсан ишонч ҳосил қилади. Жалолов Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова манфаатларини ифода этарди. У пайтда Каримова Осиёдаги энг бой ва таъсирли аёллардан бири ҳисобланган, унинг бойлиги ҳатто расмий ҳисоб-китобларда ҳам 500 миллион евро деб баҳоланган.
Каримова амалда Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубига ҳам эгалик қилган. Халқ орасида бу жамоа ҳатто «президент қизининг клуби» деб аталган. Икки клубнинг йўллари айнан футбол орқали кесишди. Ёки деярли футбол орқали.
«Бунёдкор» «Барселона»га сахий гонорарлар эвазига ҳамкорлик таклиф қилди. Ҳатто клуб герби ҳам «блауграна» услубида қайта ишланган эди.

Тутумлунинг сўзларига ишонилса, битимларнинг умумий қиймати камида 10 миллион евро бўлган.
Шундан:
- «Барселона» билан ўртоқлик учрашуви учун 5 миллион евро;
- Месси, Пуйоль ва Иньестанинг Тошкентга ташрифи учун яна 3 миллион евро тўланган.
Улар маҳаллий ёш иқтидорлар машғулотида иштирок этиб, футбол сирларини ўргатган.

Diario Gol маълумотларига кўра, «Бунёдкор» ёшлари билан ишлашга рози бўлган ҳар бир «Барселона» футболчиси учун Жалолов 1 миллион евро тўлаган. Шундан 250 минг евро футболчининг ўзига, қолган маблағ эса Лапорта ва унинг атрофидагиларга берилган.
Бундан ташқари, Лапортанинг Тошкентга ташрифи учун шахсан ўзига 1,5 миллион евро тўлангани айтилган.
У Тошкентда «Бунёдкор»нинг янги спорт мажмуаси пойдеворига тамал тоши қўйган ва клуб раҳбарлари билан бирга оммавий ахборот воситалари қаршисида кўриниш берган.

Ўша йўналиш бўйича Сеск Фабрегас — «Арсенал»дан, Криштиану Роналду эса «Реал»дан Ўзбекистонга келган. Гарчи уларнинг клублари расман Ўзбекистон билан ҳеч қандай ҳамкорликка эга бўлмаган бўлса ҳам.
Ўзбекистонга Самюэль Это’Они ҳам таклиф қилишган. Бу сафар шунчаки ташриф учун эмас, футбол ўйнаши учун.
Камерунлик ҳужумчи таклифни рад этган. Аммо кейинчалик Telefoot нашрига берган интервьюсида шундай деган:
«Менга икки-уч ойлик шартнома учун 25 миллион доллар таклиф қилишганини эшитиб, бошим айланиб кетди».
Шунга қарамай, ҳужумчи ҳам Месси, Пуйоль ва Иньеста каби хизматлар учун ўз улушини олган.
Охир-оқибат «Бунёдкор»га Ривалдо келди. Унинг йиллик маоши «камтарона» 5 миллион евро эди.
Ўзбекистонга келгач, у дарҳол шундай деган:
«Айримлар бу ривожланмаган мамлакат деб айтишади. Аммо бу ҳақиқат эмас экан».
Энг ёмони бу ҳамкорликни бадали ҳамон тўланмоқда. Бир пайтлар Луиз Фелипе Сколарини дунёнинг энг кўп маош олувчи мураббийига айлантирган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби шу қарзлардан кейин оғир молиявий аҳволга тушиб қолди. 2023 йил 6 ноябрь куни Лозаннадаги Спорт арбитраж суди «Бунёдкор»га собиқ футболчиси Ривалдо учун жами 11 млн 164 минг 398 евро миқдорида пул тўлаш мажбуриятини юклаган. Клуб ҳар йили уни қисмларга бўлиб тўлаб келмоқда.
Лапорта ўз улушини «сутдек тоза, сувдек пок» ҳисоблайди…
Кейинчалик Лапорта Испания судида ўзининг адвокатлик фирмаси Zeromax’га уч йил давомида бизнес-консалтинг хизмати кўрсатиб, 10,15 миллион евро олганини тан олган. Тўловлар унинг «Барселона» президенти бўлиб турган даврида амалга оширилган.
Бундан ташқари, «Барселона» клубининг ўзи «Бунёдкор» билан машғулот ўйини ўтказиш ва инфратузилмасидан фойдаланиш учун 3 миллион евро олгани суд жараёнида маълум қилинган. Лапорта, шунингдек, Zeromax’ни икки ўртоқлик учрашуви ва Барселонада йиғин ўтказиш учун 5 миллион евролик шартнома тузишга кўндирганини айтган.
Бу ишлар бўйича Жоан Лапорта ёки «Барселона» клуби Гулнора Каримованинг коррупция жиноятларида айбдор деб топилмаган. Судда кўрилган даъво асосан битимларни ташкил этган футбол агентига комиссия тўлаш масаласига оид эди.
Бу масала испан матбуотида манфаатлар тўқнашуви ва битимларнинг шаффофлиги бўйича жиддий баҳсларга сабаб бўлган.
Пора ишига оид гап сўзлар фонида ишдан кетган Лапорта ишга тиклангач яна эски ҳамкорлар билан музокараларни давом эттирди
Жоан Лапорта «Барселона»ни биринчи марта 2003–2010 йилларда бошқарган.
Ўзбекистон ва «Бунёдкор» билан миллионлаб евролик келишувлар ҳам унинг биринчи президентлик даврига тўғри келади.
У 2010 йилда клуб раҳбарлигидан кетди, аммо 11 йиллик танаффусдан кейин — 2021 йилда президентликка қайтди.
2026 йил февралида Лапорта клуб низоми талабига мувофиқ қайта сайловда қатнашиш учун президентликдан вақтинча истеъфо берди. Унинг ўрнида Рафаэл Юсте клубни вақтинча бошқарди. Лапорта 15 мартда ўтказилган сайловда 68,18 фоиз овоз билан ғолиб чиқди ва 1 июлдан янги ваколатини бошлади.
Демак, 2008 йилда Ўзбекистон билан баҳсли молиявий ҳамкорликка киришган клуб президенти ҳам, ҳозир Barça Academy лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайтдаги президент ҳам — Жоан Лапорта.
Бу ҳолат янги келишув аввалги битимларни автоматик такрорлайди, дегани эмас.
Лапорта нигоҳида Марказий Осиё
Ўзбекистондан олдин Қирғизистонда бир эмас икки академия очилди. Давлатдан гектарлаб ер ажратилгач академия анча катта тижорат мажмуасига айланди…
2023 йил августда Жалолобод шаҳрида Марказий Осиёдаги биринчи Barça Academy очилди. Маросимда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Жоан Лапорта, Карлос Пуйоль ва Ривалдо қатнашди. Клуб расмий ахборотида бу дунёдаги 29-академия экани айтилган.
![]()
Шундан бир кун кейин Бишкекда иккинчи академия қурилишига тамал тоши қўйилди. Дастлаб у стадион, футбол майдонлари, спорт зали, бассейн, клиника, меҳмонхона ва бошқа объектларни қамраб олган спорт мажмуаси сифатида тақдим этилган эди.
Аммо кейинчалик лойиҳа оддий футбол академиясидан анча катта тижорат мажмуасига айланди.
Kloop ва Temirov Live суриштирувига кўра, Бишкекдаги академия 17 гектар ерда қурилаётган «Барселона» номли элит турар жой мажмуасининг марказий қисмига айланган. Академия атрофида тахминан 1600 та хонадон, хусусий мактаб, боғча, меҳмонхона, бизнес маркази ва бошқа тижорат объектлари қурилиши режалаштирилган.
![]()
Ер Президент ишлари бошқармаси орқали хусусий компанияга ижарага берилган. Ижара нархи ва шартлари очиқланмаган. Мустақил баҳоловчилар бу 17 гектар ернинг тахминий бозор қийматини 64,3 миллион доллар деб ҳисоблаган.
Қирғизистон ҳукумати академиялар қурилишида иштирок этаётган 12 та компанияни қўшилган қиймат ва савдо солиқларидан озод қилган. Суриштирувчилар ушбу компанияларнинг аксарияти юқори лавозимли амалдорларнинг қариндошлари ва яқинлари билан боғлиқ эканини қайд этган. Солиқ имтиёзлари фақат спорт объектларига ёки элит уй-жой қурилишига ҳам татбиқ этилгани очиқ қолган.
Шунча имтиёзлар олган академиянинг ижтимоий фойдаси саволларни уйғотгани бежиз эмас.
Kloop суриштирувида келтирилган маълумотларга кўра, Жалолобод академиясида яшашсиз ўқиш йилига 12–15 минг доллар, яшаш билан эса 19,5 минг доллар туради. 500–700 нафар пуллик тарбияланувчидан фақат 30–40 нафар иқтидорли бола тўловдан озод қилиниши мумкинлиги айтилган.
Агар ушбу рақамлар Ўзбекистондаги моделга яқин бўлса, академия оммавий болалар футболи эмас, асосан юқори даромадли оилалар учун пуллик мактабга айланиши мумкин.
Нуфузли ном шаффофлик ўрнини босмайди
Barça Academy Ўзбекистонда ёшлар футболини ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш ва иқтидорларни кашф қилишга хизмат қилиши мумкин. Ҳар холда бизга хабарлар шундай тақдим этилаяпти.
Бироқ Ўзбекистоннинг «Барселона» билан аввалги ҳамкорлигида клуб, Zeromax ва Жоан Лапортанинг шахсий фирмаси ўртасида миллионлаб евролик маблағлар айлангани ҳам шунчаки унутиб юбориладиган воқеа эмас.
Шунинг учун «Барселона» академияси очилиши ҳақидаги хабар, эски ҳотираларни яна кун тартибига қўяди. Умид қиламизки, мактаб навбатдаги имтиёзлар бериладиган “чўнтак” эмас, хабарда айтилгандек мақсадларда очилади ва янги иқтидорларни кашф этилишига хизмат қилади. Бунинг учун барча жараёнлар очиқ ҳисобдорлик асосида бўлиши керак.




